Янги имкониятлар пайдо бўлмоқда
Сирдарё вилоятида жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида «Uzum Market» буюртмалари бўйича 237 мингдан зиёд жўнатма фуқароларга етказиб берилди. Шунингдек, «Гибрид почта» тизими орқали 538 мингдан ортиқ хат, курьерлик хизмати орқали 47 мингдан зиёд жўнатма етказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Сирдарё филиалида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Тадбирда филиал директори Фарҳод Исломов вилоятда почта хизматларини рақамлаштириш, электрон тижорат платформалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва аҳолига қулай хизматлар кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.
Айни пайтда вилоятда 9 та почта алоқа боғламаси ва 67 та почта алоқа бўлими фаолият юритиб, 232 нафардан ортиқ ходим аҳоли ва ташкилотларга хизмат кўрсатмоқда. Почта хизматида 19 та автотранспорт воситаси, 16 та электроскутер, 32 та велосипед ва 112 та компьютердан фойдаланилмоқда.
Электрон тижоратни ривожлантириш доирасида вилоятдаги 27 та почта бўлимида «Uzum Market» буюртмаларини топшириш пунктлари ташкил этилган. Шунингдек, Россиянинг Ozon, Wildberries ва Avito онлайн савдо платформалари, Zoodmall савдо майдони, «Oriflame» ҳамда «Hilol Nashr» каби ташкилотлар ва интернет-дўконлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу аҳолига интернет орқали харид қилинган маҳсулотларни яшаш жойига яқин почта бўлимларидан олиш имконини бермоқда.
[gallery-31929]
Почта хизматларининг яна бир муҳим йўналиши — «Гибрид почта» тизими. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 187 та давлат ташкилоти ва масъулияти чекланган жамият ушбу тизимга уланди. Натижада фуқароларга 538 мингдан зиёд хат етказиб берилди. Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 274 мингтага камайган. Бунга 2026 йил 1 мартдан «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Жамоат хавфсизлиги департаменти ўртасида тегишли шартнома тузилмагани сабабли йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган жарима хатларини етказиб бериш хизмати тўхтатилгани асосий омил бўлган.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида почта бўлимларида электрон давлат хизматлари, банк хизматлари, пул ўтказмалари, коммунал тўловлар, банк карталарини тўлдириш, даврий нашрларга обуна бўлиш ва суғурта полисларини сотиш каби хизматлар ҳам кўрсатилмоқда. Туман марказларида «Бир қадам» тезкор почта хизмати йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг тўққиз ойида ушбу хизматдан 33 мингдан ортиқ марта фойдаланилган. Шунингдек, 90 турдан зиёд тўловни амалга ошириш имконияти мавжуд.
Хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини оширишда рақамли технологиялардан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Почта логистикаси» ахборот тизими орқали жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш, онлайн кузатиш ва манзилга етказиш жараёнлари автоматлаштирилган. Яндекс картографик платформаси маълумотларидан фойдаланиш эса почта бўлимларининг хизмат кўрсатиш ҳудудларини белгилаш ва логистика жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш тизими янгиланиб, «AVVAL» бренди остида ишга туширилган. Барча тўлов ва хизматлар учун QR-кодли чеклар бериш йўлга қўйилгани касса жараёнларини рақамлаштириш ва қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишни қисқартириш имконини бермоқда.
Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳани модернизация қилиш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва электрон тижоратни ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Умумжаҳон почта иттифоқининг 2IPD интеграциялашган индекси бўйича 2023 йилги ҳисоботда Ўзбекистон 172 давлат орасида 74-ўринни эгаллаб, аввалги натижага нисбатан 41 поғона юқорилаган. Мамлакатимиз, шунингдек, «Почта тараққиётининг юксалувчи юлдузи» мукофоти билан тақдирланган.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Мулоқотда почта жўнатмаларини ўз вақтида етказиш, электрон тижорат платформалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджон (сурат) ЎзА