Хавфсиз маҳалла сари амалий қадамлар
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Юнусобод туманидаги “Қашқар” маҳалласида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида қайд этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Йиғилишда содир этилган жиноятларнинг сабаблари, уларга шароит яратган омиллар муҳокама қилиниб, бу каби ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар белгилаб олинди.

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бўлим бошлиғи Сардор Алимовнинг таъкидлашича, жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки маҳалла, мутасадди идоралар ва аҳолининг ҳамкорлиги орқали самара беради. Унинг айтишича, ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уни бартараф этиш орқали оғирроқ жиноятларнинг олдини олиш мумкин.
Шу билан бирга, туманда манзилли профилактик тадбирлар ҳам кучайтирилган. Тунги рейдлар давомида муҳим давлат ва ижтимоий объектлар, компьютер клублари, савдо мажмуалари, қўриқлаш ҳамда видеокузатув тизимлари ўрганилиб, хавфсизлик талабларига риоя этилиши текширилди. Масъулларга хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат тартибига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга тезкор чора кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Бундай профилактик ишлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА