Харид чеки орқали – автомобиль ва бошқа қимматбаҳо совғаларни ютиб олиш мумкин
2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб, эксперимент тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.
Мазкур ўйинлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра ўтказилиб, қарорнинг мазмун моҳияти ҳақида Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов ЎзА мухбирига қўйидагиларни гапириб берди:
Истеъмол маданиятини юксалтириш, савдо соҳасида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиётга барҳам бериш бугунги даврнинг энг муҳим талабларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан юртимиз харидорлари учун мутлақо янги, кенг кўламли лойиҳага старт берилди.
Ушбу ютуқли ўйин шу ойнинг биринчи санасидан расман кучга кирди. Эндиликда “Солиқ” мобил иловасида жорий этилган “Ютуқли ўйинлар платформаси” ҳар ой якунлари бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар инсон омилисиз автоматик тарзда ғолибларни аниқлайди.
Ютуқли ўйинларнинг бош соврини эса ҳар ойда ўйналадиган автомобилдир.
Ҳақиқатдан ҳам Қорақалпоғистон ва Хоразмда амалга оширилган оддий харид чеки сизни янги автомобил эгасига айлантириши мумкин.

Ўйин иштирокчисига айланиш тартиби жуда оддий ва қулай. Бунинг учун ушбу икки ҳудуддаги исталган дўкон, кафе ёки хизмат кўрсатиш масканидан харидни амалга ошириб, онлайн назорат-касса техникаси чекини, яъни QR-кодли чекни талаб қилиб олишингиз кифоя. Сўнгра ушбу чекни Давлат солиқ қўмитасининг расмий “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказасиз. Иловада рўйхатдан ўтган ҳар бир чек автоматик равишда ўша ой учун ўйналадиган ютуқли ўйин иштирокчисига айланади ва бу ҳақда сизга реал вақт режимида хабар берилади.
Кўпчиликни қизиқтирадиган энг асосий жиҳат бу ўйиннинг адолатли ва шаффоф ўтишидир. Қарорга кўра, ғолиблар ҳар ой якунлангач, кейинги ойнинг 5-санасига қадар, ҳеч қандай инсон омилисиз, мутлақо электрон тизим орқали тасодифий танлаш, яъни рандом дастури асосида аниқланади.
Ҳар ойнинг 10-санасида эса ғолибларни мукофотлаш тантаналари ҳудудий телеканаллар ҳамда Солиқ қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жорий этилган жонли эфирлар орқали бутун оммага кўрсатиб борилади.
Жараёнларнинг қонуний ва очиқ ўтишини махсус тузилган комиссия назорат қилади.
Юртдошларимизга шуни ҳам маълум қилмоқчиманки, ютуқли ўйин имкониятлари билан бирга ой якунлари бўйича харидлар суммасининг 1 фоизини қайтаришнинг амалдаги механизми белгиланган тартибда сақлаб қолинади. Мазкур ташаббус фискал интизомни рағбатлантириш ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида онлайн касса техникасидан фойдаланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган.
Вилоят ҳудудида 2026 йил 1 июль ҳолатига 9 минг 309 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 11 минг 342 та онлайн назорат-касса техникаси ўрнатган ҳолда фаолият юритмоқда. Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йил январь-июнь ойлари давомида савдо ва хизмат кўрсатиш орқали 24,9 миллион дона чек уриб берилган. Натижада 6,9 триллион сўмдан ортиқ тушумлар кирим қилинган.
Шунингдек, июнь ойида 4,6 миллион дона чек орқали савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган 1,2 триллион сўмдан ортиқ тушумлар кирим қилинган.
Бундан ташқари, вилоят бўйича 2026 йил январь-июнь ойлари давомида “Солиқ мобил” иловаси орқали 2 минг 816 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатлар асосида 2 минг 201 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилган.
Ўтказилган текширишлар натижасида вилоят бўйича 25,9 миллиард сўм молиявий жарималар қўлланилиб, шундан 17,1 миллиард сўм ундирилиши таъминланган.
Азиз юртдошлар, ҳар бир харидингизда чек талаб қилишни унутманг. Бу билан сиз нафақат солиқ интизомини мустаҳкамлашга ва ўз ҳудудингиз иқтисодиёти юксалишига ҳисса қўшасиз, балки ўзингиз учун янги автомобил соҳиби бўлиш имкониятини яратасиз.
Аҳмаджон Шокиров суҳбатлашди.
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА