Ҳарбийларнинг ота-оналарига эҳтиром кўрсатилди
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз, Какайди ва Хайраобод гарнизонларида шартнома асосида хизмат қилаётган офицер ва сержантларнинг ўқитувчилик касбида фаолият юритаётган ҳамда кўп йиллар давомида таълим соҳасида меҳнат қилган ота-оналари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир дастурига мувофиқ, меҳмонлар Термиз шаҳридаги Археология музейига ташриф буюриб, воҳанинг бой тарихи, қадимий маданияти ва археологик топилмалари билан танишди. Шунингдек, Ал-Ҳаким ат-Термизий ва Султон Саодат зиёратгоҳларига саёҳат уюштирилиб, иштирокчиларга ушбу тарихий қадамжоларнинг маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
Байрам тадбири Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда давом этди. Меҳмонлар ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқув-моддий база ҳамда ҳарбий қисм музейи фаолияти билан яқиндан танишди.
[gallery-31748]
Сўнг Маданият марказида ташкил этилган маросимда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ – Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Мирсаид Шукуров азиз ва мўътабар устозларни касб байрами билан самимий муборакбод этди. Таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган ота-оналарга қўмондонликнинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар меҳмонларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар улашди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат ва видео), ЎзА