ЖСТ Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ ислоҳотларни эътироф этмоқда
Сенатда “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнлари ва кутилаётган амалий натижалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили хизмати билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, таҳлил марказлари экспертлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов мамлакатимизнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши жараёнларининг жорий ҳолати, халқаро музокаралар натижалари, ЖСТга аъзо бўлишда тармоқлар кесимида амалга оширилаётган трансформация жараёнлари бўйича ахборот берди.

Хорижий давлатлар билан 40 дан ортиқ музокаралар раунди олиб борилди, 34 дан зиёд давлатлар билан музокаралар якунланди, 70 дан зиёд миллий қонунчилик ҳужжатлари ЖСТ талаблари ва халқаро меъёрларга уйғунлаштирилди. Ташкилот қоидаларига уйғунлаштириш доирасида интеллектуал мулкни рўйхатга олиш жараёнлари соддалаштирилди ва ортиқча экспорт чекловлари бекор қилинди.
ЖСТ аъзолари томонидан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани ижобий эътироф этилмоқда.
ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг ташқи савдо имкониятларини кенгайтириш, экспорт салоҳияти ва инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Муҳокамада ЖСТга аъзо бўлишнинг мамлакатимиз саноат тармоқлари ва аҳоли бандлигига таъсир қилиши мумкинлиги хусусида фикр юритилди. Шунингдек, импорт рақобати шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий компенсация тақдим этиш ва махсус ҳимоя чораларини қўллаш механизмларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Кичик ва ўрта бизнесни янги рақобат шароитларига мослаштириш, маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва экспорт бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчиликни ЖСТ қоидалари ва халқаро савдо стандартларига тўлиқ мувофиқлаштириш ишларини тизимли давом эттириш, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича икки ва кўп томонлама музокараларни ҳамда аъзоликни расмийлаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни якунлаш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА