Электрон тизим тўлиқ жорий этилди
Суюлтирилган газни хонадонларга етказиб бериш жараёнида инсон омилини камайтириш, маҳсулотнинг манзилли тақсимотини таъминлаш ва ҳисобдорликни кучайтириш мақсадида Сирдарё вилоятида Face ID технологияси ҳамда «E-gaz» электрон тизими тўлиқ жорий этилди. Энди ҳар бир газ баллони кимга, қачон ва қайси миқдорда етказилгани рақамли тарзда қайд этиб борилади.
Бугун рақамлаштириш ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб бормоқда. Бу жараён коммунал хизматлар, хусусан, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимида ҳам муҳим ўзгаришларга замин яратмоқда. Илгари кўплаб жараёнлар қўлдаги ҳисоб-китоблар асосида юритилган бўлса, энди замонавий технологиялар орқали ҳар бир босқични назорат қилиш имконияти пайдо бўлди.
«Ҳудудгаз Сирдарё» газ таъминоти филиали томонидан жорий этилган янги механизмнинг асосий хусусияти шундаки, газ баллонларини етказиб беришда истеъмолчининг шахси Face ID орқали аниқланади, баллон эса унга бириктирилган махсус штрих-код воситасида электрон ҳисобга олинади. Бу эса маҳсулотнинг белгиланган манзилга етиб бориши, тақсимотда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилади.
Тизимнинг ишлаш тартиби ҳам қулай. Барча маиший газ баллонларига махсус штрих-кодли стикерлар ўрнатилган, истеъмолчилар ID-карталар билан таъминланган. Газ тарқатувчи ходимлар эса махсус планшетлар орқали фаолият юритади. Қурилмаларга интеграция қилинган «E-gaz» дастури ёрдамида истеъмолчининг шахси биометрик идентификация қилинади, баллон штрих-коди сканерланади ва етказиб бериш амалиёти электрон тарзда қайд этилади.
Натижада ҳар бир операция бўйича маълумотлар ягона тизимда сақланади. Бу нафақат газ тақсимотини назорат қилиш, балки истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларга ечим топиш имконини ҳам беради.
Мазкур янгилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 сентябрдаги "Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб Сирдарё вилоятида аҳоли истеъмолчиларига суюлтирилган газни Face ID тизими орқали етказиб бериш тўлиқ йўлга қўйилди.
[gallery-32663]
Бугунги кунда вилоятда суюлтирилган углеводород гази билан таъминланаётган истеъмолчилар сони 73 930 нафарни ташкил этади. Уларнинг 73 880 таси аҳоли хонадонлари, 50 таси эса ижтимоий соҳа объектларидир.
Энг муҳими, «Ҳудудгаз Сирдарё» филиали томонидан жорий йилнинг январь–октябрь ойларида истеъмолчиларга 8 667,2 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилган. Бу кўрсаткичлар ҳудудда газ таъминотининг қанчалик кенг қамровли ва масъулиятли жараён эканини англатади.
Албатта, бундай кўламдаги таъминотни узлуксиз ташкил этиш рақамли назорат билан бир қаторда, мустаҳкам инфратузилма ва етарли транспорт имкониятларини ҳам талаб этади.
Айни пайтда вилоятда суюлтирилган газ таъминоти учта асосий газ тўлдириш шохобчаси орқали амалга оширилади. Уларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 1 800, сақлаш имконияти эса 185 тоннани ташкил этади. Шохобчалар бир суткада 79 тоннагача газни баллонларга тўлдириш имкониятига эга.
Газ маҳсулотини ташиш учун 8 та махсус MAN автосистернаси, аҳолига баллонларни етказиб бериш учун эса 22 та ISUZU русумли махсус транспорт воситаси жалб қилинган. Улар белгиланган режа-жадвал асосида ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиб, хонадонларнинг эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.
Газ таъминотида фақат маҳсулотни ўз вақтида етказиш эмас, балки унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис маиший газ баллонларининг техник ҳолатини текшириш, таъмирлаш ва белгиланган синовлардан ўтказиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида Мирзаобод маиший газ баллонларини таъмирлаш ва синовдан ўтказиш марказида 16 100 донадан ортиқ баллон таъмирланиб, техник синовлардан ўтказилди.
Куз-қиш мавсумида таъминот узлуксизлигини таъминлаш мақсадида филиалнинг марказий омборида 800 дона маиший газ баллони захираси шакллантирилган.
Шунингдек, хусусий «Сирдарё Пропан ГНС» газ тўлдириш станцияси имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бу, айниқса, Сирдарё тумани ва Бахт шаҳри аҳолисини суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлашда қўшимча имконият яратмоқда.
Янги тизимнинг афзаллиги ҳақида гап кетганда, унинг истеъмолчилар учун яратаётган қулайликларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
— Ушбу тизим нафақат соҳа ходимлари, балки истеъмолчилар учун ҳам жуда қулай ва ишончли механизм бўлиб хизмат қилмоқда. Аҳолини суюлтирилган газ билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш эса бир нечта ташкилотнинг ҳамкорликдаги фаолиятини талаб этади. Шу мақсадда вилоятда газ таъминоти жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Корхона ходимлари аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, баллонларни ўз вақтида тўлдириш, махсус транспорт воситаларига юклаш ва белгиланган йўналишлар бўйича маҳаллаларга етказиб бериш ишларини ташкил этмоқда, — дейди «Ҳудудгаз Сирдарё» филиали Маҳалла истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўлими бошлиғи Баҳодир Абдумаликов.
Унинг таъкидлашича, мазкур жараёнда ички ишлар органлари ходимлари ҳам иштирок этиб, махсус транспорт воситаларининг ҳаракатини кузатиш, хавфсизлик ва қонунийликни таъминлаш, баллонларни тарқатиш жараёнида жамоат тартибини сақлашга кўмаклашмоқда. Қўриқлаш хизмати ходимлари эса газ таъминоти вакиллари билан биргаликда баллонларни маҳаллалардаги белгиланган манзилларга етказиш ва истеъмолчиларга топшириш жараёнида ҳамроҳлик қилмоқда.
— Бундан кўзланган мақсад — газ баллонларининг белгиланган манзилга етиб боришини таъминлаш, тақсимот жараёнида тартиб ва назоратни кучайтиришдир. Маҳаллаларда аҳоли билан ҳам мулоқотлар ўтказилиб, янги тизимнинг ишлаш тартиби, яратилаётган қулайликлар ва таъминот масалалари юзасидан тушунтиришлар берилмоқда. Истеъмолчиларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Face ID ва «E-gaz» электрон тизими эса ҳар бир баллоннинг истеъмолчига топширилишини қайд этиб, ҳисобдорликни ошириш ва маҳсулотнинг манзилли етказиб берилишига хизмат қилмоқда. Асосий мақсадимиз — аҳолининг газ таъминоти билан боғлиқ эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, — дейди Баҳодир Абдумаликов.
Дарҳақиқат, рақамли технологиялар газ тақсимотидаги ҳар бир жараённи аниқ ҳисобга олиш, масъулиятни ошириш ва истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали воситасига айланмоқда. Эндиликда етказиб берилган ҳар бир баллоннинг ҳаракати электрон тизимда акс этади. Бу эса маҳсулот тақсимотидаги ноаниқликларни камайтириб, таъминот ташкилоти ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни янада ишончли қилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар) ЎзА мухбирлари