Ҳарбий хотин-қизлар “Тўмарис издошлари” беллашувида куч синашади
Ҳарбий хизмат — юксак масъулият, қатъият ва садоқатни талаб этади. Бу масъулиятни шараф билан адо этаётган хотин-қизлар сафида Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи аёллари ҳам бор.
Уларнинг касбий маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва иродасини намоён этишга қаратилган мусобақалар эса бу фазилатларни янада юзага чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳар йили октябрь ойида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган ҳарбий хотин-қизлар ўртасида “Ватан меҳри юрагимда” шиори остида “Тўмарис издошлари” номли Республика ўртоқлик учрашуви ўтказиб келинмоқда.

Мазкур беллашувда Миллий гвардия жамоаси таркибини шакллантириш мақсадида тизимда икки босқичли саралаш танловлари ташкил этилди. Якуний саралаш босқичи Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси базасида ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардан ташриф буюрган 21 нафар гвардиячи қиз бешта шарт бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Иштирокчилар ўзини таништириш, ўқ отиш, пичоқ улоқтириш, эстафета ва савол-жавоб шартларида беллашиб, жисмоний тайёргарлик, аниқлик, тезкорлик ва билимларини синовдан ўтказди. Беллашувлар якунига кўра, белгиланган номинациялар бўйича 7 нафар ҳарбий хизматчи ғолиб деб топилиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Шулар қаторида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Сарвиноз Мухторова ҳам ўз маҳоратини намойиш этиб, республика босқичида Миллий гвардия шарафини ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди. Унинг таъкидлашича, бу беллашув нафақат жисмоний тайёргарлик, балки ҳарбий хизматчи учун зарур бўлган сабр, ирода ва ўз кучига ишончни ҳам синовдан ўтказади.
—“Бу мусобақада иштирок этиш мен учун катта масъулият. Ҳар бир шартда ўзимни синаб кўрдим ва жамоавий муҳитда янада кўп нарса ўргандим. Энди эса октябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичига жиддий тайёргарлик кўриб, Миллий гвардия шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан”, — дейди Сарвиноз Мухторова.
Эндиликда Сарвиноз Мухторова ва сараланган бошқа ҳарбий хизматчилар жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган “Тўмарис издошлари” Республика ўртоқлик учрашувида Миллий гвардия шарафини ҳимоя қилади. Уларнинг олдида янги босқич, янги синов ва янада юксак масъулият турибди.
Зеро, ҳар бир беллашув ортида — Ватанга садоқат, касбга фидойилик ва шарафли бурч мужассам.
Нигора Раҳмонова, ЎзА