Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасидан мақсад ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилашдан иборат. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида ҳалок бўлган (вафот этган) ҳамда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қайд этилганидек, лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва ҳуқуқий ҳолатини тартибга солишда ягона ҳуқуқий механизм белгиланади. Ўзбекистон Республикасида Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчилари (ходимлар) ва улар оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими яратилади.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирди. Хусусан, ҳарбийлар фарзандларига ўқишга киришида имтиёз бериш билан боғлиқ нормага эътироз билдирилди.

– Ҳарбийлар фарзандларининг ижтимоий ҳимоясига қарши эмасмиз, – деди депутат Бекмирза Эшмирзаев. – Лекин малакали кадрлар тайёрлаш нуқтаи назаридан ҳарбийлар фарзандлари ўз кучи, яъни иқтидори билан ўқишга кирганидан сўнггина қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Чунки, олий таълимда ҳеч қандай имтиёз бўлмаслиги керак.
Қизғин муҳокама ва таклифлардан сўнг тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА