Ҳар ойнинг икки кунида автомобилда юриш тақиқланади
Атроф-муҳитни асраш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида мамлакатимизда яна бир муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Энди ҳар ойнинг 10 ва 25 саналари республика бўйлаб “Автомобилсиз кун” бўлади.
Мазкур ташаббус шунчаки ихтиёрий акция эмас, балки қатъий тартиб ва талабларга асосланган умуммиллий лойиҳа.

Лойиҳанинг асосий мақсади автомобиллардан ажралиб чиқадиган зарарли газларни камайтириш орқали ўзимиз ва фарзандларимиз учун соғлом муҳит яратиш ҳамда табиатни асрашдан иборат.
Ушбу кунларда қандай қатъий қоидаларга амал қилинади?
➖ Хизмат машиналарига тақиқ: белгиланган саналарда барча давлат фуқаролик хизматчилари учун хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
➖ Қатъий назорат: жараён Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология қўмитаси томонидан бевосита кузатиб борилади;
➖ Ижтимоий кафолат: акция иш кунига тўғри келган тақдирда ҳам, хизмат машиналари ҳайдовчиларининг ойлик иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади.
Тақиққа амал қилмаганларга қандай чора кўрилади?
Давлат хизматчиси томонидан ушбу қоиданинг бузилиши — одоб-ахлоқ қоидаларининг жиддий бузилиши сифатида баҳоланади;

Қоидабузар ходимга нисбатан ташкилот раҳбари томонидан қонуний интизомий жазо чоралари қўлланилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА