“Сўнгги қўнғироқ” садоси – янги ҳаёт бошланиши
“Сўнгги қўнғироқ” бу шунчаки ўқув йили якунланиши эмас, балки минглаб ёшлар ҳаётида янги орзулар, катта мақсадлар ва мустақил ҳаётга қўйилаётган илк қадамдир. Бугун мамлакатимизда миллионлаб ўқувчилар учун янграётган сўнгги қўнғироқ садоси нафақат хайрлашув, балки келажакка чақириқ сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, янги мактаблар қурилиши, рақамли таълим тизимининг жорий этилиши ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар бугун ўз самарасини бермоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026 йил 25 май куни республикадаги 10 минг 193 та давлат умумтаълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Тадбирда 4 миллион нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этиши режалаштирилган.

Жорий ўқув йили якунида 472 минг 436 нафар 11-синф ва 621 минг 894 нафар 9-синф битирувчиси мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяди.
Тадбирлар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактаб битирувчиларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда ёшларнинг билимли, ватанпарвар ва замонавий касб эгалари бўлиб етишиши мамлакат тараққиёти учун муҳим омил экани таъкидланди.
Бу йил ҳам таълимда юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшлар муносиб рағбатлантирилмоқда. Хусусан, 11-синф битирувчиларининг 9 минг 731 нафари олтин, 2 минг 47 нафари кумуш медаль билан тақдирланади. Шунингдек, 9-синф битирувчиларининг 16 минг 486 нафари аъло даражали шаҳодатномага эга бўлмоқда.
Таълим-тарбияда фаол бўлган ота-оналар ҳам “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар билан тақдирланиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, ўтган йиллар давомида мактаблар сони 513 тага кўпайиб, 750 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди. 2025 йилнинг ўзида 30 та янги мактаб қурилиб, 120 минг ўқувчи ўрни ташкил этилган. Натижада, 2016 йилда 4,7 миллион бўлган ўқувчи ўрни бугун 5,5 миллиондан ошди.
Рақамли таълим соҳасидаги янгиликлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. 2022–2023 ўқув йилидан бошлаб электрон шаҳодатнома тизими жорий этилди. Жорий ўқув йили якунида 1 миллион 93 мингдан ортиқ битирувчига электрон шаҳодатнома берилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, ёшларни замонавий касб ва технологияларга ўқитиш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда. “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси доирасида 1 миллиондан зиёд ўқувчи халқаро сертификатга эга бўлган бўлса, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси бўйича 59 мингдан ортиқ ўқувчи сертификат олди.
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг халқаро майдондаги ютуқлари ҳам ортиб бормоқда. Кейинги 6 йилда халқаро ва минтақавий олимпиадаларда 628 та медаль қўлга киритилди. Хусусан, 2025 йилда 210 та, 2026 йилнинг май ойига қадар эса 108 та медалга эришиш ёшлар салоҳияти юксалаётганини кўрсатади.
Албатта, “Сўнгги қўнғироқ” — хайрлашув они. Аммо бу хайрлашув ортида катта умид, эзгу орзу ва янги марралар мужассам. Бугун мактаб билан хайрлашаётган ёшлар эртанги Янги Ўзбекистоннинг таянчи, илм-фан, технология ва тараққиёт драйверларига айланиши шубҳасиз.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА