Коррупцияга қарши текширув: 154 жиноий, 14 маъмурий, 323 интизомий жазолар қўлланилди
Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида комплаенс соҳасидаги мутахассислар учун касбий стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилмоқда.
Ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш масалаларини келишиш тартибини белгиловчи янги таҳрирдаги намунавий низом тасдиқланди.
Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолашга қаратилган йўриқномада комплаенс-назорат тузилмалари иштирокини назарда тутувчи тартиб-қоидалар белгиланди.
Президент фармони билан давлат хизматчиси ва тадбиркорлик субъекти ўртасида амалга оширилган мулоқотнинг асосли ёки асоссиз эканига баҳо бериш ваколати ҳам коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари зиммасига юклатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ички назорат тузилмалари томонидан ўтказилган 11 минг 953 ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирларида 969,5 миллиард сўм молиявий хато-камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш чоралари кўрилди ҳамда 150,1 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфланишининг олди oлинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва назорат органларидан келган хатлар асосида 871, ички назорат тузилмалари ташаббуси билан 843 хизмат текшируви ўтказилди.
Натижада ходимларга нисбатан 154 жиноят, 14 маъмурий, 323 интизомий жазолар қўлланилди. 67 ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ички назорат тузилмаларининг ўз ташаббуси билан ўтказилган хизмат текширувлари натижасида эса ходимларга нисбатан 31 жиноий, 9 маъмурий, 311 интизомий жазолар қўлланилган, 1 минг 201 ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ҳуқуқий эксперимент тартибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасарруфига ўтказилган Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари, «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятлари тизимидаги коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари томонидан жорий йилда 298 хизмат текшируви ўтказилди.
Натижада 113 нафар ходимга нисбатан интизомий, 5 нафар ходимга нисбатан маъмурий ҳамда 18 ҳолат бўйича жиноий ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Шунингдек, 398,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағдан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА