Ҳар бир ниҳол эртанги куннинг яшил бойлиги
Бугун юртимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда янги боғлар барпо этиш, бўш ер майдонларини яшил ҳудудларга айлантириш ҳамда дарахтзорларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда Тошкент вилоятида кузги кўчат экиш мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда. Ҳудудларда белгиланган режалар асосида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 2026 йил куз мавсумида вилоят бўйича жами 49 минг 439 туп кўчат экиш режалаштирилган. Айни пайтга қадар 19 минг 948 туп кўчат экилган бўлиб, уларнинг 13 минг 355 тупи ҳақидаги маълумотлар Экология платформасига киритилган.

Жумладан, Зангиота туманида кўчат экиш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кузги мавсумда туманда 2 минг 120 туп кўчат экиш белгиланган. Ҳозирга қадар 100 туп мевали ва 400 туп манзарали, жами 500 туп кўчат экилди. Бу белгиланган режанинг 24 фоизини ташкил этади. Ушбу жараёнда туман Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Бўстонлиқ туманида эса фойдаланилмай турган ер майдонида янги боғ барпо этилди. Хусусан, «Қоранқул» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи асосий автомобиль йўли ёқасидаги майдонда туман Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими ташаббуси билан 200 туп манзарали дарахт кўчати экилди. Натижада аввал бўш турган ҳудуд ободонлаштирилиб, янги яшил маскан барпо этилди.

Нурафшон шаҳрида ҳам кузги кўчат экиш ишлари режа асосида ташкил этилди. Шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими томонидан Экология платформасига 1 минг 600 туп кўчат экилгани ҳақидаги маълумотлар киритилди. Шу тариқа шаҳар учун белгиланган кузги мавсум режаси ортиғи билан бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг самарадорлиги фақат экилаётган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг кейинги парвариши ва сақланиши билан ҳам белгиланади. Шу боис ҳудудларда ниҳолларни ўз вақтида суғориш, парваришлаш, нобуд бўлишининг олдини олиш ҳамда мавжуд дарахтларни асраб-авайлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, бугун тупроққа қадалган ҳар бир ниҳол эртанги куннинг яшил бойлиги, тоза ҳаво ва соғлом муҳит манбаидир. Шу маънода, кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат бугунги ободончилик, балки келажак авлодлар олдидаги масъулиятли вазифадир.
А.Мусаев, ЎзА