Янги метро йўналишлари ташкил этилади: қайси ҳудудлар қамраб олинади?
“Тошкент метрополитени” акциядорлик жамияти 2027–2035 йилларга мўлжалланган трансформация ва ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқди. Унга кўра, пойтахт метроси тармоғини қарийб икки баробар кенгайтириш, янги поездлар харид қилиш, йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда 2030 йилга қадар молиявий мустақилликка эришиш кўзда тутилган.
Бу ҳақда пойтахтда “Тошкент метрополитени” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳаракат таркибини янгилаш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Эксплуатациядаги метро поездлари сони икки баробарга ошиб, 36 тадан 70 тага етказилди. Бу ҳаракат интервалларини қисқартириш ва йўловчиларга қулайлик яратиш имконини берди. Энг муҳими, бир суткалик йўловчилар оқими 290 минг нафардан 1,2 миллион нафарга етди. Йиллик йўловчи ташиш ҳажми эса 295 миллион нафарни ташкил этди.
Мутахассисларга кўра, янги стратегиянинг асосий мақсади метрополитен хизматларига бўлган талабни қондириш ва йўловчи ташиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришдан иборат бўлиб, 2035 йилгача йўловчилар оқими 2,5 миллион нафарга оширилади.

Режага асосан, 2035 йилга қадар бир суткалик йўловчилар оқими 2,5 миллион нафарга, йиллик йўловчи ташиш ҳажми 675 миллион нафарга, метро тармоғининг умумий узунлиги 140 километрга етказилади. Ҳозирда метрополитен тармоғининг умумий узунлиги 71 километрни ташкил этади. Демак, истиқболда уни қарийб икки баробар кенгайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, 2023–2026 йилларда харид қилинган тўрт вагонли 40 та метро поезди модернизация қилинади. Уларнинг ҳар бирига биттадан қўшимча вагон қўшиш учун яна 40 та вагон харид қилинади. Натижада мазкур поездлар беш вагонли таркибга келтирилади. Ушбу чора-тадбирлар умумий ҳаракат таркиби сони ва поездлар ҳаракати интервалини ўзгартирмаган ҳолда йўловчи ташиш имкониятини 20 фоизга оширишга хизмат қилади.
Метро тармоғини кенгайтириш стратегиянинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада пойтахтнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудлари, янги турар жой массивлари ва транспорт инфратузилмасига эҳтиёж юқори бўлган манзилларни қамраб олиш кўзда тутилган.
Асосий лойиҳаларга кўра, Юнусобод йўналиши — “Минг Ўрик” бекатидан Жанубий темир йўл вокзали ва Ипподромгача 12 километрга узайтирилади. Шунингдек, янги метро йўналиши — ТТЗ мавзесидан Қўйлиқ мавзесигача 18,7 километр узунликда янги линия қурилиши режалаштирилган. Ўзбекистон йўналиши — “Беруний” бекатидан янги “Юнусобод” электр депосигача 16,3 километрга узайтирилади. Бундан ташқари, Ҳалқа ер усти метро йўналишини янада ривожлантириш, Янгиҳаёт, Чирчиқ ва Нурафшон йўналишларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳам режага киритилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида пойтахт ва унга туташ ҳудудларда жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда.
Стратегияда жамиятнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва бошқарув тизимини трансформация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “Тошкент метрополитени” АЖни 2026–2027 йилларга мўлжалланган хусусийлаштириш дастурига киритиш таклиф этилмоқда. Бу жараён доирасида жамият акцияларининг бир қисмини ходимлар ва хусусий инвесторларга сотиш орқали қўшимча капитал жалб қилиш имконияти яратилиши кўзда тутилган. Хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар метро инфратузилмасини модернизация қилиш, унинг кейинги ривожланишини таъминлаш ва йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга йўналтирилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, трансформация стратегиясида экологик барқарорлик ва энергия самарадорлиги масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Шу мақсадда метрополитеннинг электр деполари ҳудудларида қуёш электр станцияларини барпо этиш режалаштирилган. Хусусан, “Чилонзор” электр депоси ҳудудида қуввати 4 МВт бўлган қуёш электр станцияси ўрнатилади. Унинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 миллион кВт·соатни ташкил этиши кутилмоқда. Лойиҳа электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, йилига 15 миллиард сўмгача қўшимча даромад олиш имконини бериши режалаштирилган. “Ўзбекистон” электр депоси ҳудудида эса қуввати 5 МВт бўлган қуёш электр станцияси қурилади. Унинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 7,9 миллион кВт·соатни ташкил этади.
Ушбу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси метрополитеннинг ички эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ортиқча энергиянинг бир қисмини шаҳар электр тармоғига узатиш орқали қўшимча даромад олиш ва энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Лойиҳалар доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясидан 416 та хонадонни таъминлаш имкониятига эга ҳажмда фойдаланиш ҳам назарда тутилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА