Чиқиндидан қиймат яратаётган тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда
Пойтахтимизда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамкорлигида ташкил этилган олти ҳафталик бизнес-инкубация дастурининг якуний босқичи — тақдирлаш маросими ва айланма иқтисодиёт ғоялари ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент, Ангрен ва Нукус шаҳарларидан 120 нафардан ортиқ тадбиркор, стартап асосчиси ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар иштирок этди. Танлов натижаларига кўра, 6 та энг яхши лойиҳа ғолиб деб топилди. Ғолибларга ўз фаолиятини ривожлантириш учун ҳар бири 10 минг АҚШ долларигача қийматдаги ускуналар тақдим этилди.
Мулоқот чоғида Агентлик директори Шарифбек Ҳасанов айланма иқтисодиётни ривожлантириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
— Бизнинг асосий мақсадимиз — бундай ташаббусларни фақат бир марталик молиявий ёрдам билан чеклаб қўймасдан, уларнинг барқарор ривожланиши учун зарур шароитларни яратишдир, — дейди Шарифбек Ҳасанов. — Бунинг учун тадбиркорлар, инвесторлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Ишончимиз комилки, айланма иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш орқали чиқиндиларни бошқариш соҳасида янги бизнес йўналишлари шаклланади, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланади ва мамлакатимизда яшил иқтисодиётга ўтиш жараёни янада жадаллашади.
Ярмаркада иштирокчилар ўз лойиҳаларини намойиш этди. Бу эса тадбиркорлар, инвесторлар ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида янги алоқалар ўрнатиш учун имконият яратди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон шаҳарларида айланма иқтисодиёт ва чиқиндиларни бошқаришни рағбатлантириш” лойиҳаси БМТ Тараққиёт дастури ва Агентлик ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА