"Ҳаммаси зўр бўлди" дейишга ҳали эрта – Шерзод Шерматов (+видео)
– Тўғриси, мен учун бу ўзига хос эътироф бўлди, – дейди давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
– Ҳурматли Президентимиз шунча шароит яратиб, барча соҳаларнинг ривожланиши учун имконият беряптилар. Албатта, бунинг ортидан давлат мукофотига муносиб кўрилиб, тақдирланганимиз хурсанд қилади.
Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ҳурматли давлатимиз раҳбари юксак марраларни белгилаб беряптилар. Ана шу марраларга эришиш жараёнида бизнинг ҳам иштирокимиз борлиги, албатта, ўзига хос мотивация беради. Шундай давлат мукофотига муносиб кўрилиб, тақдирланишимиз эса янада катта куч ва масъулият бағишлайди.
Бугун талаб жуда юқори. Мақсадларимиз ҳам юксак, чунки дунё жуда тез ривожланяпти, ўзгаряпти. Ҳозирги қувонарли ўзгаришлардан бири – масалан, Ўзбекистоннинг GovTech Maturity бўйича дунёда топ-ўнталикка киргани ёки стартап экотизими ривожланиши бўйича энг тез ўсиб бораётган давлатлар қаторида қайд этилганидир.
Лекин бу, тўхтаб қолиш керак, дегани эмас. Биз “ҳаммаси етарли, ҳаммаси зўр бўлди”, деган фикрдан узоқмиз. Ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛЕБОЕВ (видео),
ЎзА