Ҳамма масала Президентгача бориши шарт эмас
Олти йилдан буён август ойида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши анъанага айланиб қолди. Аслида, Президентимиз қайси ҳудудга борса ёки мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилишлар ўтказса, аввало, тадбиркорлар масалаларига эътибор қаратмоқда. Бусиз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, тараққиётни таъминлаш мумкин эмаслигини барча даражадаги раҳбарлар онгига сингдиришга интилмоқда.
Шундай бўлса-да Президентимиз йилда бир марта тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини, таклиф ва ташаббусларини эшитишга вақт ажратяпти, давлат ишбилармонларни қўллаб-қувватлашини амалда кўрсатиб беряпти. Шунинг учун ҳам айнан давлат раҳбари ташаббуси билан 20 август мамлакатимизда расман “Тадбиркорлар куни” деб белгиланди. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳам айнан шу сана арафасида ўтказилмоқда.
Кейинги йилларда бу учрашувга анча вақт олдин тайёргарлик бошланиб, имкон қадар, барча тадбиркорларни қамраб олишга эътибор қаратилмоқда. Республикада ва ҳудудларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот штаблари ташкил этилиб, аввалдан мурожаатларни қабул қилиш йўлга қўйилди. Вазирлик ва идоралар, ҳудудий ҳокимликлар ҳам давлат раҳбари билан учрашувгача жойларда тадбиркорлар учун қабуллар ташкил этиб, уларни эшитмоқда, муаммолари бўлса ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам бу йилги учрашувга тайёргарлик анча барвақт бошланди. Вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли бошқарма ва идоралар масъул ходимларидан иборат штаб ташкил этилди ҳамда июнь ойидан буён Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси биносида барча техник жиҳозлар билан таъминланган ҳолда 24/7 режимида тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилмоқда.
– Штабнинг асосий вазифаси вилоятимиз тадбиркорларининг Президент билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш, улар дуч келаётган муаммолар, илгари сураётган таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, ечим топишдан иборат, – дейди Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот штаби котиби Фазлиддин Раҳматов. – Бунинг учун штабда тегишли ташкилотларнинг 20 нафар ходими доимий фаолият кўрсатиб, онлайн платформа, 1100, 1094 қисқа рақамлари орқали ҳамда бевосита тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилмоқда. Мурожаатлар белгиланган тартибда мутасадди идоралар томонидан кўриб чиқилиб, мулоқотгача ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Вазирлик ва идоралар, хорижий давлатлар билан боғлиқ масалалар эса республика штабига тақдим этилмоқда. 14 июль ҳолатига кўра, вилоят штабига 135 та тадбиркорлик субъекти томонидан турли йўналишлардаги мурожаатлар ва муаммоли масалалар келиб тушди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур мурожаатларнинг 88 таси ижобий ҳал этилди, 6 таси амалдаги қонунчилик талаблари асосида рад этилди, 41 таси бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Масалан, Булунғур туманидаги “SHAMSHIDIN JALILOV DALASI” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Жалилов Нидерландиядан импорт қилган уруғлик картошкани ҳужжатлардаги айрим камчиликлар сабабли карантин рухсатномаси муддати ўтиб кетгани важи билан юртимизга олиб кириш рад этилаётганини билдириб, шу масалада ёрдам сўраган. Ушбу мурожаат белгиланган тартибда карантин агентлиги ва божхона қўмитасига йўналтирилди ҳамда фермернинг муаммоси ижобий ҳал этилди.
Масъулнинг қайд этишича, очиқ мулоқотга тайёргарлик кўриш бўйича вилоят штаби фаолият кўрсатиши билан бирга тадбиркорлик субъектлари билан ишловчи 37 идора ва ташкилотнинг 15 майдан 15 августгача тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш режа-жадвали тасдиқланиб, бу тадбирлар жойларда ташкил этилмоқда. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳам ҳар ҳафта тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммолари бўлса, ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Биргина вилоят ҳокими шу пайтгача жойларда тадбиркорлар билан 13 марта очиқ мулоқот қилди. Бу учрашувларда 249 та тадбиркорлик субъекти томонидан билдирилган муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг 56 фоизи ижобий ҳал этилди, 17 фоизига рад жавоби ва 26 фоизи юзасидан тушунтириш берилди. Мурожаатларнинг 42 таси солиқ, банк-молия тизимлари, 35 таси аукцион садолари, ер ва бино-иншоот ажратиш, 56 таси коммуникация тармоқларига уланиш, архитектура ва кадастр, 28 таси пул маблағларини ундириш, 24 таси фаолиятга ноқонуний аралашув, 22 таси рухсатнома ва лицензия олиш масалалари билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир мурожаат тегишлилиги бўйича масъул идора ва бошқармалар томонидан ўрганилиб, ечими бўйича хулосалар берилмоқда.
Бундан ташқари, республика даражасидаги идоралар, вазирлик ва давлат қўмиталари масъуллари томонидан ҳам Президент очиқ мулоқоти олдидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бизнес омбудсман, Марказий банк, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси, Кадастр агентлиги раҳбарларининг учрашувларида самарқандлик ишбилармонларнинг элликдан ортиқ муаммоли масалалари ижобий ҳал этилди. Куни кеча ўтказилган “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти масъуллари билан мулоқотда ҳам мазкур тизимда фаолият кўрсатаётган ўндан ортиқ тадбиркорлар қатнашиб, бир қатор муаммолари масалаларига ечим топди.
– Ўтган йил давлат раҳбари билан очиқ мулоқотгача вилоятимиздаги тадбиркорлардан 1000 га яқин мурожаат, таклиф ва ташаббуслар билдирилган эди, – дея сўзида давом этади Фазлиддин Раҳматов. – Жорий йилда бу рақамлар ошиши кутилмоқда. Айниқса, таклифлар жуда кўп. Тадбиркорларимиз муаммолари мулоқотгача ҳал этилишига ишончлари ошгани баробарида билдираётган ҳар бир таклиф, ташаббуслари давлат раҳбаригача етиб бораётганини ҳис қилишмоқда. Бу таклифлар учрашувдан кейин қабул қилинаётган Президент фармон ва қарорларида ўз аксини топмоқда. Ўтган йил самарқандлик тадбиркорларнинг олтита таклифи очиқ мулоқот якунлари бўйича қабул қилинган қарорга киритилди ва бу нафақат уларнинг, балки республикамиздаги кўплаб ишбилармонларнинг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди. Бу йил ҳам мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспорт ва импорт операцияларини тезкор амалга ошириш, рухсат бериш ва лицензиялаш билан боғлиқ масалалар юзасидан бир қатор таклифлар келиб тушди. Биз бу таклифларни республика штабига тақдим этдик ва айни пайтда эксперт гуруҳи томонидан кўриб чиқилмоқда.
[gallery-30425]
Бу йилги мулоқотнинг самарқандлик тадбиркорлар учун яна бир эътиборли томони, давлат раҳбари юртимиз тадбиркорлари билан Самарқандда учрашишни режалаштирган. Айни пайтда Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Савдо-саноат палатаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа вазирлик, идоралар томонидан мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари