Капитал бозори янада ривожлантирилади
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш мақсадида фонд бозорини рақамлаштириш, корпоратив бошқарувни яхшилаш, давлат улушига эга корхоналар акцияларини оммавий жойлаштириш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларини жорий этиш, хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун муҳим омил ҳисобланади. Хусусан, капитал бозори ривожи иқтисодиётга инвестициялар ҳажмини оширади. Корхоналар учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтириб, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширади. Янги иш ўринларини яратиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда молиявий бозорнинг барқарорлиги ва самарадорлигини кучайтиришга ёрдам беради.
Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасида кўриб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси миллий капитал бозорини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, инвесторларнинг ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, иқтисодиётга инвестициялар оқимини кўпайтиришни мақсад қилган.
Қонун лойиҳасида капитал бозорининг молиявий воситалари турларини кенгайтириш, барқарор ривожланиш облигацияларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш, рейтинг агентликлари ҳамда бошқа профессионал иштирокчилар фаолиятини тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада регуляторнинг назорат ва ҳуқуқни қўллаш ваколатларини Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) стандартларига мувофиқлаштириш, инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, корпоратив бошқарув ҳамда ахборотларни ошкор этиш талабларини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси миллий капитал бозорини янада ривожлантириш, инвесторларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиётга жалб этилаётган инвестициялар ҳажмини янада оширишга қаратилган.
М.Комилова,
ЎзА