Инвестиция лойиҳалари бўйича келишувга эришилди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Хитой Халқ Республикаси инвесторлари иштирокида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Учрашув якунида умумий қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.
Туманга Guangxi Yangxiang Group компанияси раҳбари Чен Мин бошчилигидаги делегация ҳамда Guangzhou KunDa Agricultural Holding компанияси раҳбари Шао Ҳуаюн ташриф буюрди. Ташриф доирасида меҳмонлар Мирзаободнинг инвестициявий салоҳияти, мавжуд инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари ва инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишди.


Музокараларда паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар эришган келишувга мувофиқ, Мирзаобод туманида умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция лойиҳалари босқичма-босқич амалга оширилади. Лойиҳалар доирасида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва замонавий агросаноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш режалаштирилган.

— Ушбу лойиҳалар Мирзаобод туманининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилибгина қолмай, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, — дейди учрашув сўнгида Мирзаобод тумани ҳокими Абдураҳим Умаров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири