Халқаро уруғчилик кўргазмасида Ўзбекистон салоҳияти намойиш этилмоқда
Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном районида ўтказилаётган “The 11th China Xinjiang Seed Exhibition and Trade Fair 2026” (XI Хитой–Шинжон халқаро уруғлар кўргазмаси ва савдо ярмаркаси 2026) халқаро кўргазмасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ўзининг алоҳида стенди билан иштирок этмоқда.
Кўргазмада Марказ директори Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги делегация қатнашиб, ташриф буюрувчиларга мамлакатимиз уруғчилик тизими, истиқболли навлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бермоқда.
Кўргазма давомида Уруғчиликни ривожлантириш маркази стендида Ўзбекистонда яратилган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, соҳада амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ва замонавий ёндашувлар намойиш этилмоқда.
Мазкур халқаро кўргазма Ўзбекистон ва Хитой ўртасида бир неча йиллардан буён изчил ривожланиб келаётган уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, сифатли уруғлик маҳсулотлари алмашинувини йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида эришиладиган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА