Халқаро ҳамкорлик янги лойиҳаларнинг муҳим таянчи
Бугун замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда молиявий барқарорлик муҳим омиллардан бири ҳисобланади. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг етакчи хорижий банклар билан йўлга қўйган узоқ муддатли ҳамкорлиги эса корхонанинг халқаро молия бозоридаги имкониятлари тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларининг йирик молия институтларидан бири — Abu Dhabi Commercial Bank PJSC (ADCB) вакилларидан иборат делегация “Олмалиқ КМК” АЖда бўлди.
Ташриф доирасида комбинат раҳбарияти ва банк вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилиб, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, ташқи молиявий ресурсларни жалб этиш имкониятлари ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувларнинг амалий қисмида меҳмонлар комбинатнинг асосий ишлаб чиқариш объектлари билан танишди. Уларга Қалмоққир конидаги иш жараёнлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик жараёнлар кўрсатилди. Шунингдек, делегация “Олмалиқ КМК”нинг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири — 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан танишди. Бу ерда жорий этилган замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик ечимлар ҳақида маълумот берилди.

ADCB компанияси бир неча йиллардан буён “Олмалиқ КМК”нинг хорижий молиявий ҳамкорларидан бири сифатида комбинатнинг йирик лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, банк қатор синдикатланган кредит битимлари доирасида ҳамкорлик қилган.

Бундай узоқ муддатли ҳамкорлик комбинатнинг халқаро молия институтлари билан самарали муносабатларни ривожлантириш имкониятларини кенгайтираётгани билан аҳамиятли. Айни пайтда корхона олдида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли вазифалар турибди.
Бу жараёнда етакчи хорижий банклар билан йўлга қўйилган ишончли молиявий ҳамкорлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим ресурс манбаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА