Халқаро ҳамкорлик: тажриба алмашинуви ва малака оширишнинг янги босқичи
Тиббиёт таълими тизимида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни амалиётга жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали томонидан амалга оширилаётган халқаро алоқалар яна бир муҳим босқичга кўтарилмоқда.
2026 йилнинг 2-3 июнь кунлари марказ Навоий филиали директори Вали Тўрақулов Беларусь Республикасида бўлиб, Антонов номидаги Витебск давлат тиббиёт коллежи фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида Витебск давлат тиббиёт коллежи директори Елена Орлова, Санкт-Петербург тиббиёт коллежи директори Зоя Гапанова ва Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали директори Вали Тўрақулов иштирокида уч томонлама музокаралар ўтказилди.

- Учрашувлар давомида ўқув жараёнини замонавий ташкил этиш, таълим ҳужжатларини юритиш, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, - дейди В.Тўрақулов. - Шунингдек, таълим муассасаларида яратилган замонавий шарт-шароитлар, инновацион ўқитиш технологиялари ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган илғор тажрибаларни ўргандик. Коллежнинг замонавий симуляцион маркази фаолияти билан танишдик. Бу ерда тиббиёт таълимида амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган машғулотлар, симуляцион технологияларнинг имкониятлари ҳамда уларнинг таълим жараёнидаги аҳамияти намойиш этилди.
Марказ мутахассислари томонидан эмлаш жараёнларини ташкил этиш ва беморларда ўпка шиши ҳолатларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мавзуларида мастер-класслар ўтказилди.

Ушбу машғулотларда марказнинг Навоий филиалининг 120 нафар ўқитувчи ва тингловчилари онлайн форматда иштирок этиб, симуляцион таълимнинг афзалликлари, амалий машғулотларни самарали ташкил этиш усуллари ҳамда халқаро тажрибаларни ўқув жараёнига татбиқ этиш бўйича муҳим билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Албатта, бу каби халқаро ҳамкорлик лойиҳалари таълим сифатини янада ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, симуляцион таълим технологияларидан кенг фойдаланиш келажакда тиббиёт ходимларининг амалий тайёргарлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири