Халқаро форум қатнашчилари Самарқандда
Юртимизда илк бор ўтказилаётган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми иштирокчилари Самарқандга келди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда 50 дан ортиқ мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.

Икки кун давомида Тошкент шаҳрида халқаро форумнинг очилиш маросими ва бир қатор тадбирлар ўтказилди. I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент декларацияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини 2027-2030 йилларда ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Форум доирасида 9 июль куни Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги конференция ўтказилади. Анжуманда Имом Бухорийнинг илмий мероси, ҳадисларни саралаш мезонлари, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг жаҳон илм-фанидаги ўрни ва аҳамиятини муҳокама қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, “Имом Мотуридий мероси – ислом цивилизациясининг мўътадиллик ва ақл-идрок пойдевори” мавзусида анжуман ўтказилиши ва унда Имом Мотуридий таълимоти, мотуридийлик мактаби уламоларининг илмий мероси ҳамда мазкур таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр алмашиш кўзда тутилган.

Нуфузли анжуман қатнашчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади.
Форум иштирокчиларини Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими Адиз Бобоев ва бошқа масъуллар кутиб олди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири