Ҳалоллик — устувор тамойил
Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда давлат органлари фаолиятида коррупцияга қарши самарали механизмларни жорий этишга қаратилган Президент фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Йиғилишда бош бошқарма раҳбарияти ва ходимлари, Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармасининг масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, давлат мулки ва бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан коррупцияга қарши курашишда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Қайд этилганидек, ҳар бир давлат хизматчиси ўз фаолиятида ҳалоллик, холислик ва қонунийлик тамойилларига амал қилган тақдирдагина коррупцияга қарши курашишда кутилган натижага эришиш мумкин.

— Коррупцияга қарши курашиш фақат назорат тадбирлари билан чекланмайди. Бу аввало, ҳар бир ходимнинг ички масъулияти, юксак ҳуқуқий маданияти ва касбий ҳалоллигига боғлиқ. Бугунги йиғилишнинг асосий мақсади ҳам ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни янада мустаҳкамлаш, соҳада юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш ва қонунчилик талабларига сўзсиз амал қилиш маданиятини юксалтиришдан иборат, — дейди Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг Коррупцияга қарши курашиш (комплаенс назорати) бўйича бош мутахассиси Алижон Насриев.

Йиғилиш якунида коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни мунтазам давом эттириш, комплаенс назорати тизими самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини изчил таъминлаш ҳамда ходимларнинг бу борадаги масъулиятини янада кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири