“Энг яхши шеър” танлови ғолиблари тақдирланди
Миллий гвардия фаолиятини бадиий сўз воситасида кенг тарғиб этиш, Ватан ҳимоячиларининг жасорати, матонати ва юксак фидойилигини шеърият орқали тараннум этиш, шунингдек, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Энг яхши шеър” танловининг Республика босқичи ўз ниҳоясига етди.
Мазкур танлов истеъдодли ижодкорларни ҳамда Миллий гвардия сафида хизмат қилаётган шеърият ихлосмандларини бир мақсад атрофида жамлади. Ҳудудий босқичларда сараланган энг яхши ижодий ишлар Республика босқичида ўзаро баҳслашди.
Иштирокчиларнинг шеърлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли шоир ва адиблар ҳамда Миллий гвардия вакилларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати томонидан ғоявий мазмун, Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳининг ифодаси, бадиий маҳорат ва мавзунинг чуқур ёритилиши ҳамда муаллифнинг ижодий ёндашуви каби мезонлар асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, танлов ғолиблари ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар йўналишлари бўйича аниқланди.
Тантанали тақдирлаш маросимида фахрли ўрин соҳиблари диплом, пул мукофотлари ҳамда китоблар тўплами билан рағбатлантирилди.

Бундай маърифий ва ижодий танловлар Миллий гвардия фаолиятини кенг тарғиб этиш, Ватанга садоқат, халқ манфаатларига фидойилик, тинчлик ва осойишталик каби юксак қадриятларни бадиий ижод орқали кенг оммага етказиш билан бирга, истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва Миллий гвардия билан ижод аҳли ўртасидаги маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА