Грузия билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланади
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дипломатик ҳамда иқтисодий алоқалар янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Грузия ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Раҳмонов ҳамда Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Давид Котариа ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Тошкент шаҳри ва Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг инвестициявий салоҳияти, мавжуд саноат инфратузилмаси ва истиқболли лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, Грузия компанияларини «Янги Авлод» махсус саноат зонасида саноат лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш, Тошкент шаҳридаги реновация дастури доирасида янги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, «Янги Тошкент» ҳудудида кўп қаватли турар жой мажмуалари, замонавий меҳмонхоналар ва савдо марказларини барпо этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Тошкент шаҳри ва Грузия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА