«Умра» хизматини ташкил қилган лицензиясиз фирма ишчиси 5 минг доллар олган вақтида ушланди
Самарқандда фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, ноқонуний “Умра” зиёратини ташкил этмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. У катта миқдордаги пулни ўзлаштиришда гумонланмоқда.
Самарқанд туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ишчиси Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унинг 4 нафар қариндошини Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига юбориш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, мазкур МЧЖ “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли лицензияга эга бўлмаган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА