Грета Метка Барбо Шкербинц: Ўзбекистон билан ҳамкорлик қонуний ва адолатли меҳнат миграциясининг самарали намунасига айланмоқда
Халқаро меҳнат миграцияси иқтисодий ривожланиш, инсон капитали ва ижтимоий барқарорлик билан узвий боғлиқ глобал йўналишга айланмоқда. Айниқса, меҳнат бозоридаги тезкор ўзгариш, демографик омил ва малакали кадрларга эҳтиёж давлатлардан соҳага янгича ёндашув, ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсат талаб этмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлашга қаратилган амалиёти халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда.
“Халқаро миграция форуми-2026” доирасида Словения Республикаси Бандлик хизмати бош директори Грета Метка Барбо Шкербинц мамлакатимиз билан ҳамкорлик, меҳнат бозоридаги замонавий муаммо ва мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид фикрларини билдирди:
– Бугун меҳнат бозори ўта ноаниқлик, жадал ўзгариш ва тобора мураккаблашаётган жараён таъсирида ривожланмоқда. Словенияда ҳозир бандлик даражаси юқори, ишсизлик эса тарихий минимум – 3,9 фоиз атрофида шаклланган. Бу борада мамлакатимиз Европа Иттифоқида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Шу билан бирга ишлаб чиқариш, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари соҳаларида малакали кадрлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат иқтисодий ўсиш даражасига таъсир кўрсатмоқда. Айни пайт ногиронлар, узоқ муддат ишсиз юрганлар, ёшлар, аёллар каби ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни меҳнат бозорига жалб этиш ҳам жуда долзарб.
Шу боис, биз меҳнат миграциясига фақат иқтисодий ёки статистика эмас, балки инсон омили нуқтаи назаридан ёндашамиз. Зеро, ҳар бир мигрант ортида оила, фарзандлар ва муайян ҳаётий тақдир туради. Улар мамлакатимизга нафақат ишлаш, балки яшаш учун ҳам келмоқда ва давлат томонидан қўллаб-қувватланишга ҳақли.
Словения мигрантлар ҳуқуқи ҳимоясига алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки улар кўпинча етарли маълумотга эга эмаслиги сабаб, ҳуқуқбузарлик, тенгсиз муносабат ёки ноқонуний ёлланиш ҳолатларига дуч келади. Бундай вазиятда биз қонуний ва шаффоф ёллаш механизмини йўлга қўйиш, маъмурий тўсиқни камайтириш ва ахборот кўмагини кучайтиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорлигимиз самара бермоқда. Ўтган йил Словения Бандлик хизмати ва Ўзбекистон Миграция агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Ушбу механизм асосида республика фуқароларининг биринчи гуруҳи Словенияда расман иш билан таъминланди.
Мазкур ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш, хусусан ижтимоий таъминот ва бандлик соҳасида давлатлараро икки томонлама келишув имзолашдан манфаатдормиз. Бундай ҳуқуқий механизм адолатли ва ахлоқий ёллашни таъминлаш, “ақл оқими”нинг олдини олиш ҳамда меҳнат мигрантлари ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда инсон капитали ва касбий тайёргарликка қаратилаётган эътибор бизда катта таассурот қолдирди. Миграция агентлигининг бир қатор ўқув марказлари фаолияти билан танишдик, меҳнат ресурсларини тайёрлашга институционал ёндашув юқори даражада эканига гувоҳ бўлдик. Бугун рақамли ва “яшил” трансформация шароитида бутун дунё меҳнат бозори янги кўникмага эҳтиёж сезмоқда.
Ҳамкорлигимиз доирасида малакали кадрларни тайёрлаш ва эҳтиёж юқори соҳаларга йўналтириш борасидаги ишлар ижобий натижа бермоқда. Бу жараён изчил давом эттирилади.
Шунингдек, Словенияда хорижий фуқаролар учун махсус ташкил этилган ахборот марказлари орқали меҳнат мигрантларига ҳуқуқий маслаҳат, зарур маълумот ва амалий кўмак тақдим этилади. Ахир, бошқа юртдан келганлар тил, қонунчилик ва маъмурий жараён билан боғлиқ қийинчиликка дуч келиши табиий.
Биз халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Европа меҳнат бозори платформалари ва янги рақамли механизмлар орқали қонуний меҳнат миграцияси имкониятини ривожлантириш тарафдоримиз. Шу билан бирга тўғридан-тўғри мулоқот, касб ярмаркалари ва инсонлар ўртасидаги ишончли алоқа меҳнат бозорида ҳамон муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Хуллас, Ўзбекистон билан йўлга қўйилган ҳамкорлик қонуний, адолатли ва инсон қадр-қимматига асосланган меҳнат миграциясининг самарали намунасига айланмоқда.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА