“Green Farm” — Жиззахда аграр тараққиётнинг янги таянчи
Бугун Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини инновацион асосда ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган “Green Farm” лойиҳаси ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки сув ресурсларини тежаш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ва аҳоли турмуш сифатини юксалтиришга хизмат қиладиган комплекс ечим сифатида эътиборга молик.

Шу муносабат билан Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев Корея Республикасининг “K Farm Solution” ҳамда “Doohyun E&C Co., Ltd.” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда лойиҳанинг амалий жиҳатлари, унинг ҳудуд иқтисодиётига таъсири, амалга ошириш босқичлари ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Лойиҳанинг бош мақсади қишлоқ хўжалигида сув таъминотини такомиллаштириш, ер унумдорлигини ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали фермерлар меҳнати унумдорлигини янада юксалтиришдан иборат. Пировардида бу жараён аҳоли фаровонлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларининг барқарор ривожланишига хизмат қилишга қаратилган.

Энг муҳими, “Green Farm” тижорат манфаатларини кўзловчи лойиҳадан кўра кенгроқ мазмунга эга. У ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилмани ривожлантириш, фермерлар учун қулай шароит яратиш ва маҳаллий аҳолининг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилайди. Бу эса унинг ижтимоий йўналтирилган ташаббус эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Лойиҳа доирасида сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун юқори самарадорликка эга сув тозалаш тизимларини ўрнатиш, сув фильтрларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ҳамда уларга сервис хизматини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилувчи инновацион материаллар ишлаб чиқариш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини шакллантириш, IOT технологиялари асосида сув сифати мониторингини йўлга қўйиш ҳамда замонавий агротехнологиялар бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш лойиҳанинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланган. Бу эса ишлаб чиқаришга илм-фан ва рақамли технологияларни чуқур интеграция қилишга хизмат қилади.

Учрашув давомида вилоят ҳокими Жиззахнинг табиий шароити ва мавжуд эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида қир-адир ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, сув танқислиги кузатиладиган майдонларда томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш, ичимлик ҳамда оқова сувларни Кореянинг илғор технологиялари асосида тозалаш тизимларини йўлга қўйиш, сувнинг қаттиқлик даражасини камайтириш, шунингдек, Айдаркўлнинг шўр сувини қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган даражагача чучуклаштириш бўйича илмий-амалий изланишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу таклифлар глобал иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш ва аграр тармоқнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Лойиҳада атроф-муҳит муҳандислиги соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар иштирок этаётгани унинг илмий ва техник жиҳатдан пухта асосланганлигини кўрсатади. Бу эса илғор технологияларни маҳаллий шароитга самарали мослаштириш ва узоқ муддатли натижаларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Бугунги кунда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ечимларни ҳаётга татбиқ этиш ва замонавий технологияларни жалб қилиш Жиззах вилояти қишлоқ хўжалигини янги сифат босқичига олиб чиқишнинг муҳим омилига айланмоқда. “Green Farm” лойиҳаси эса ана шу эзгу мақсадларни амалий мазмун билан бойитадиган, аграр соҳада самарадорликни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган стратегик аҳамиятга эга истиқболли ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.
Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири