Барча йўллар Наманганга элтади!
Кўклам баҳорнинг сўнгги ҳафтасида бошланиб, миллионлаб кишиларга гўзаллик ва нафосат, байрамона завқ улашган 65-халқаро “Гуллар фестивали” чин маънода дунё миқёсидаги маданий ва туристик воқеликка айланди.
Сайёрамиз бўйлаб кенг тарғиб қилинган, миллий бренд даражасига кўтарилган гўзаллик ва нафосат айёмининг якунловчи тадбири – фестиваль ғолибларни тақдирлаш маросими ҳамда катта концерт дастури Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида кўтаринки руҳда ўтказилди.
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов гуллар байрамининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида тўхталди. Фестиваль “Бир ой давомида жамоа томонидан экилган энг кўп гуллар” йўналишида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани ҳамда Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб, анвойи гуллар композициясига юқори баҳо берганлиги фестивалга янада файз киритди.
Қолаверса, яна бир муҳим воқелик – фестиваль давомида, яъни шу йил 23-26 июнь кунлари учинчи халқаро мақом анжуманига айнан Наманган мезбонлик қилгани ҳамюртларимизга катта ғурур ва ифтихор бахш этди. Унда бир қатор халқаро нуфузли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда 80 дан ортиқ давлатдан 250 га яқин санъаткорлар қатнашгани гуллар шаҳрини бутун дунёга танитди.
Қайд этиш жоиз, жорий йилдаги юбилей ҳисобланган 65-халқаро “Гуллар фестивали” мутлақо янгича ёндашув асосида ташкил этилди. 2026 – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да илк бор вилоятдаги мавжуд 754 маҳалла фестивалнинг бевосита иштирокчисига айланди. Бунинг самарасида, гуллар байрами нафақат марказий кўчалар ёки истироҳат боғлари, балки ҳар бир кўча ва ҳар бир хонадонга кириб борди.
Фестиваль 2018 йилда атиги уч кун ўтган бўлса, унинг муддати 2025 йилга келиб, 40 кунга узайтирилди. Жорий йилда эллик кун давом этган фестивалда Европа, Осиё, Америка, Африка қитъаларидан, жами 50 давлатдан 1 миллион 100 минг туристлар ташриф буюрди. Маҳаллий сайёҳлар сони ҳам кескин ортиб, 7 миллион 500 минг нафардан ошди.
Биргина Наманган шаҳрининг ўзида 45 маҳалланинг ўсиш нуқтаси гулчиликка ихтисослаштирилиб, 21 минг аҳолининг бандлиги таъминланди. Пировардида эса, одамлар қўшимча 300 миллиард сўм даромадга эга бўлди. Қолаверса, умумий овқатланиш, транспорт, меҳмонхона, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 100 мингга яқин юртдошларимиз мавсумий иш билан таъминланди. Фестиваль давомида кўрсатилган савдо ва маиший хизматлар ҳажми 8 триллион сўмни ташкил қилди.
Эътиборлиси, фестиваль дастури доирасида режалаштирилганидан икки баробар кўп – 300 дан ортиқ турли маданий, маърифий тадбирлар, халқаро анжуман ва форумлар, спорт тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, ўнлаб халқаро ва республика миқёсидаги мусобақалар Наманганда ўзига хос спорт байрами муҳитини яратди. Маданий-маърифий тадбирлар ҳам юксак савияда уюштирилиб, ўзбек ва хориж эстрадаси вакиллари иштирокидаги концертлар рекорд даражадаги мухлисларни тўплаб, барчага илиқ таассурот улашди.
Бундан ташқари Поп туманидаги “Лаванда сайли”, Чуст туманидаги “Ош чемпионати”, Мингбулоқ туманидаги “Патир фестивали”, Наманган шаҳрининг “Уч фаввора” хиёбонидаги модалар кўргазмалари ҳам янгича мазмун касб этиб, барчада эстетик завқ уйғотди.
[gallery-30381]
Нафақат гуллар, балки инсонларга, тинчлик ва ҳамжиҳатликка бўлган муҳаббат, шукроналик рамзига айланган 65-халқаро “Гуллар фестивали”нинг ҳаяжонли дамлари яқинлашиб, унинг ғолиб-совриндорлари эълон қилиниб, Наманган вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ва “Оникс” автомобиллари билан тақдирланди.
Шунингдек, Наманган вилоятининг улкан ғалла хирмонига муносиб ҳисса қўшган қишлоқ хўжалиги фидойилари – илғор фермерлар, моҳир механизаторларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим қилинди.
“Ҳокимликлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн учун” номинациясида Наманган шаҳар ҳокимлиги, “Бошқарма ва ташкилотлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн учун” номинациясида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали, “Энг яхши ландшафт дизайн яратган гулчи” номинациясида Наманган шаҳридаги гулчи Бурҳон Шарипов эътироф этилди. “Энг гулзор, энг обод маҳалла” танловида Янгиқўрғон туманидаги “Газнон” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб, деб топилди.
Вилоят санъат усталари ҳамда таниқли хонандалар иштирокидаги катта концерт дастури ва унинг ниҳоясида мафтункор мушакбозлик билан шодиёна барчага қувонч улашди.
Бир сўз билан айтганда, 65-халқаро “Гуллар фестивали” орқали гуллар диёри – Наманган бағрикенглик ва бой маданият маркази сифатида ҳам яна бир карра дунёга бўй кўрсатди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.