Тарихий дўстлик янги тараққиёт босқичига кўтарилди
Бухоро яна бир нуфузли халқаро учрашувга мезбонлик қилди. Бу гал Италиянинг дунёга машҳур Тоскана ҳудуди раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар нафақат икки ҳудуд ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлади, балки иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият ва таълим соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик учун янги истиқболларни очди. Азалдан цивилизация ва маданият маркази сифатида танилган Бухоро ҳамда Европанинг бетакрор тарихий ўлкаларидан бири ҳисобланган Тоскана ўртасидаги мазкур ҳамкорлик икки халқни янада яқинлаштирувчи муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Италиянинг Тоскана ҳудуди президенти Эудженио Жани бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мазкур ташриф жорий йилнинг март ойида Флоренция шаҳрида Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абат Файзуллаев ҳамда Эудженио Жани ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг амалий давоми бўлди. Ўшанда Тоскана ҳудуди ва Бухоро вилояти ўртасида иқтисодий, инвестициявий, савдо ва маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди. Бугун эса ушбу келишув аниқ лойиҳалар ва янги ташаббуслар билан мустаҳкамланмоқда.
Учрашув аввалида Ботир Зарипов меҳмонларни самимий қутлар экан, Бухоро ва Тоскана ўртасидаги тарихий ҳамда маънавий яқинликка алоҳида урғу берди.

– Бухоро ва Тосканани бой тарихий мерос, бетакрор маданият, ҳунармандчилик анъаналари ҳамда бунёдкорликка бўлган юксак эҳтиром бирлаштиради. Ҳар икки ҳудуд ўзининг ноёб меъморий обидалари, кўп асрлик анъаналари ва туристик салоҳияти билан жаҳон аҳлини ўзига ром этиб келмоқда. Биз Тосканани туризм, маданият, саноат кооперацияси, тўқимачилик, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, таълим, тиббиёт ва инновацион технологиялар соҳаларидаги энг муҳим ҳамкорларимиздан бири сифатида кўрамиз, – деди вилоят раҳбари.
Учрашувда яна бир муҳим воқеага эътибор қаратилди. Жорий йилнинг апрель ойида Бухоро ва Италиянинг қадимий Сиена шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди. Томонлар мазкур ҳамкорликни маданият, туризм, таълим, шаҳарсозлик ва тарихий меросни асраш йўналишларида аниқ амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдиришди.
Музокараларда маданий дипломатияга хизмат қиладиган яна бир муҳим ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди. Хусусан, Италиянинг нуфузли “Romeualdo Del Byanko” жамғармаси ташаббуси билан Бухоро шаҳрида буюк италиялик рассом, ҳайкалтарош ва меъмор Микеланжело Буонарротининг бюстини ўрнатиш режаси билдирилди. Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа икки ҳудуд ўртасидаги маданий мулоқот ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин рамзига айланади.

Учрашув давомида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда таълим ва тиббиёт соҳаларида илғор тажрибалар алмашиш юзасидан қатор таклифлар муҳокама қилинди.
Тоскана ҳудуди президенти Эудженио Жани ҳам Бухоро билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологиялар, инновациялар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга тўлиқ тайёр эканини билдиришди.
Музокаралар якунида Тоскана ҳудуди ҳамда Бухоро вилояти ўртасида ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни ривожлантириш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Мазкур ҳужжат икки ҳудуд ўртасидаги муносабатларни институционал асосда ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестицияларни жалб этиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири