Бобоюртликларнинг орзуси рўёбга чиқди
Боёвут туманининг Бобоюрт маҳалласи аҳли Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида қувончли воқеага гувоҳ бўлди. Кўп йиллар давомида тор ва ноқулай шароитда фаолият юритиб келган маҳалла фуқаролар йиғини учун замонавий, барча қулайликларга эга янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу вақтга қадар Бобоюрт маҳалла фуқаролар йиғини 10-сонли умумтаълим мактабининг кичик ва тор хонасида жойлашган бўлиб, бу ҳолат маҳалла ходимлари, «маҳалла еттилиги» аъзолари ҳамда аҳоли учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун мавжуд шароит талаб даражасида эмасди.
Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида маҳалла аҳолиси томонидан таклиф илгари сурилди. Фуқароларнинг фаол овоз бериши натижасида лойиҳа ғолиб деб топилиб, давлат бюджети ҳисобидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Ушбу маблағлар эвазига Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси буюртмаси асосида «Сирож-Нодир ҳамкорлик» МЧЖ томонидан замонавий маҳалла фуқаролар йиғини биноси ва маҳалла гузари барпо этилди.
Янги бинода аҳолини қабул қилиш хоналари, маҳалла раиси ва тизим ходимлари учун хизмат хоналари, йиғилишлар зали ҳамда хотин-қизларни касбга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга мўлжалланган тикувчилик хонаси ташкил этилди. Барча хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланиб, аҳолига янада сифатли ва қулай хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди.
Янги бинодан фойдаланишга топшириш маросимида Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими маҳалла аҳлини янги бинонинг очилиши ҳамда яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, кейинги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва тизим ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
[gallery-30549]
— Энг асосийси, кўп йиллик орзуимиз ушалди. Бундай шароит яратиб берилгани учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилик билдирамиз, — дейди маҳалла раиси Шавкат Мустафоқулов.
Бугунги кунда Бобоюрт маҳалласида 5 228 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентнинг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Шоҳи Зинда, Туркман, Обод диёр, Сайҳун, Адолат, Боёвут, Мусаффо ва Султон ҳовузи каби кўчалар орқали ўтувчи қарийб 12 километр ички йўл таъмирланиб, асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. Айни пайтда маҳалланинг яна бир ички кўчасида йўл-қурилиш ишлари давом этмоқда.
Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Шерзод Уришовнинг айтишича, маҳаллада 1 343 нафар ёш истиқомат қилади. Ёшларнинг асосий қисми доимий ёки мавсумий иш билан таъминланган. Маҳалланинг асосий иқтисодий йўналиши қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик бўлиб, аҳоли томорқа ҳамда деҳқончилик учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Картошка, мош ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш орқали оилалар даромади ва дастурхон тўкинлиги таъминланмоқда.
Айни кунларда маҳаллада Президент ташаббуси билан ўтказилаётган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳалла фаоллари, ёшлар ва масъул ташкилотлар вакиллари ҳамжиҳатликда кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни тартибга келтириш, санитария ҳолатини яхшилаш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Янги маҳалла биноси, таъмирланган ички йўллар ва амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари Бобоюрт маҳалласида аҳоли турмуш сифати ва ҳаёт фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу эзгу ишлар Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳалла аҳли учун муносиб байрам туҳфасига айланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА