Ғолиблар вилоят босқичига йўлланма олди
"Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида миллий кураш бўйича "Бош прокурор кубоги" мусобақасининг Андижон вилояти Марҳамат тумани босқичи бўлиб ўтди.

Марҳамат тумани ҳокимлиги, прокуратураси, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт турларини, айниқса, ўзбек миллий курашини кенг оммалаштириш ва иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кураш мусобақаси ўтказилди. Унда юзлаб ёш полвонлар қатнашиб, беллашувларда ўз маҳорати ва тайёргарлигини намоён этди.


Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақада ўғил болалар ўртасида 5 та, қизлар ўртасида 4 та вазн тоифасида ғолиблар аниқланди. Ғолиблар мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказади.

Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари