Ғолибалар танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Йил аёли” миллий танлови ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Андижон шаҳрида "Йил аёли" миллий танловининг Андижон шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
– Юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада, фарзанд тарбиясида, жамоат ишларида намуна бўлиб келаётган, шунингдек, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган опа-сингилларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда мазкур йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ўтказилган танловда кўплаб аёллар иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди, – дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргизахон Исроилова. – Иштирокчилар белгиланган шартлар асосида ўзларининг ҳуқуқий, маънавий билимлари, ҳаётий тажрибаси ҳамда ижодкорлик, етакчилик қобилиятларини намойиш этди.


Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Якуний натижаларга кўра, номинациялар бўйича энг юқори натижа кўрсатган 10 нафар аёл ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Маълумки, бугунги кунда IT соҳаси жадал ривожланиб бормоқда, – дейди танловнинг “Йилнинг энг яхши IT дастурчи аёли” номинацияси ғолиби Нилуфар Юлдашева. – Бу борада, айниқса, дастурлаш йўналишида хотин-қизлар ҳам самарали иш олиб бораётганлиги уларнинг юксак салоҳиятини кўрсатади. Ишонаманки, опа-синилларимиз бу борада ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритади. Мен ҳам танлов ғолиблари қаторида эканлигимдан беҳад хурсандман. Ушбу ютуқ менга шижоат беради, шу билан бирга, зиммамга масъулият ҳам юклайди. Насиб этса, танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.


Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Мазкур танлов хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, уларнинг салоҳият ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ибратли ҳаёт йўлига эга аёллар фаолиятини тарғиб этишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири