Гиёҳвандлик моддаларини мамлакатга олиб киришга уриниш фош этилди
Мамлакатимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Уларнинг натижасида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддалари ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди.
Хусусан, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган, 1986 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада, у ердан 1 килограмм 157 грамм «гашиш» моддаси ҳамда 1946 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир чоғида мазкур шахсдан «Регапен» сотиб олишга уринган 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳам ушланди. Унинг ёнидан 1,5 грамм «гашиш» ва 2 дона «Регапен» дори воситаси аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир тезкор тадбир Сурхондарё вилоятида амалга оширилди. ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда Термиз халқаро савдо марказида гиёҳвандлик воситалари савдосининг олдини олди.
Тезкор кузатувга олинган, 1986 йилда туғилган Афғонистон фуқароси сотиш учун мўлжалланган чопонлар орасига яшириб, мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган 6 килограмм 342 грамм «гашиш» моддасини 15 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.
Ушбу ҳолат бўйича хориж фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА