Геология соҳасида рақамли ечимлар жорий этилади
Бугунги кунда геология ва тоғ-кон саноатида рақамли технологияларни жорий этиш, маълумотлар базасини такомиллаштириш ҳамда соҳани замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш долзарб вазифалардан.
Айниқса, бунда халқаро ҳамкорлик доирасида илғор тажриба ва инновацион ечимларни татбиқ этиш соҳанинг самарадорлигини оширишга имконият яратади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Финляндия геология хизмати (GTK) делегацияси билан ўтказилган учрашувда бу ҳақда сўз юритилди.
Мулоқот давомида томонлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Финляндия геология хизмати ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари, хусусан, “DATA4CRM” лойиҳасини амалга ошириш механизмлари юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Суҳбатда геологик маълумотларни рақамлаштириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва замонавий рақамли ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳада рақамли трансформацияни изчил давом эттириш бўйича галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА