Болалар катталарнинг хатоси ва адовати учун жабр кўрмаслиги керак
Икки йил аввал ажрашган оила. Ота алиментни бирор марта кечиктирмай, мунтазам тўлаб келади. Аммо фарзанди билан кўришишга келганда, ҳар сафар тўсиққа дуч келади. Мажбурий ижро бюросига қайта-қайта мурожаат қилса-да, бу масала ҳал бўлмайди.
Охири, боласини ўқитувчилари ёрдамида мактабда кўришга мажбур бўлади. Буни кўриб қолган боланинг тоғаси билан ота ўртасида жанжал чиқади. Энг ачинарлиси, боланинг хулқи ўзгаради, жиззаки бўлиб қолади, ўқишдаги баҳолари пасаяди. Ўқитувчилар бу ҳақда отасига хабар беради, она эса вазиятга бефарқ қолади. Катталар бир-бирига баланд келиш билан овора, бола эса уларнинг адовати жабрини тортади.
Бу бир оиланинг муаммосидек кўриниши мумкин. Аслида эса ажримдан кейин боланинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоя қилинаётгани ҳақида жиддий савол туғдиради. Ажримлар ортида фақат икки инсоннинг бузилган муносабати эмас, балки боланинг тақдири, иқтисодий қийинчиликлар, оилавий масъулиятга тайёр бўлмаган ёшлар ва ўз вазифасини қайта кўриб чиқиши керак бўлган тизим ҳам турибди. Оилани сақлаб қолиш учун эр-хотинни яраштиришнинг ўзи кифоями?
«Дунёқарашимиз тўғри келмади» — аслида муаммо нимада?
Аввало, қушнинг ҳам ини бузилмасин. Аммо ажримлар билан боғлиқ рақамлар кишини ташвишга солади. Президент Андижонда ажримлар оқибатида ота-она қарамоғисиз қолиши мумкин бўлган гўдаклар тақдирига эътибор қаратган эди. Президент эркак ҳам, аёл ҳам йўлини топиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапириб, гўдакнинг тақдири қандай кечади, деган саволни ўртага ташлаган эди.
Сенат мажлисида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова эса ажрим сабабларига тўхталиб, характерларнинг мос келмаслиги, ўзаро ишончсизлик ва оилавий ҳаётга тайёр эмаслик судларга келиб тушган аризалардаги сабабларнинг катта қисмини ташкил этишини айтди.
Ижтимоий сўровларда ҳам бу борада турли натижалар, таҳлиллар кўринади. Бироқ “дунёқарашимиз тўғри келмади” деган жумла ортида уй-жой, ишсизлик, миграция, хиёнат, руҳий босим ёки қариндошларнинг аралашуви каби муаммолар ҳам яширинган бўлади. Яъни ажрим сабабларини шу қадар умумий тушунча билан изоҳлаш уларнинг илдизини топишга тўсқинлик қилади.
Ёшлар оила қуришга тайёрми?
Таҳлилларга кўра, оилавий барқарорлик никоҳнинг дастлабки йиллариданоқ синовдан ўтиши мумкин экан. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 майдаги тегишли қарори билан ушбу тизим янада такомиллаштирилган, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари негизида туман ва шаҳарларда Оила ва хотин-қизлар масканларини ташкил этиш белгиланган эди.
Қарорда, шунингдек, никоҳланувчилар учун оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик, оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳамда ота-оналик кўникмалари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган. Машғулотларда қатнашган никоҳланувчиларга сертификат берилиши ва бу ҳақдаги маълумот ФҲДЁ платформасига киритилиши ҳам белгиланган.
Бу, албатта, ечим учун кўрилган муҳим чоралардан бири эди. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Агар ёшлар никоҳдан олдин бундай билимларни эгаллаши керак бўлса, ушбу курсларни кенг қўллаш зарур эмасми?
Бу ерда никоҳни тақиқлаш ёки ёшларнинг ҳуқуқларини чеклаш ҳақида гап кетмаяпти. Гап оила қуришдан олдин унинг ҳуқуқий, руҳий, иқтисодий ва ижтимоий масъулиятини англаш учун зарур билимларни олиш ҳақида бормоқда. Албатта, курснинг мажбурийлиги унинг сифати билан бирга таъминланиши лозим. Яъни шунчаки маъруза тинглаб, сертификат олиш эмас, балки амалий машғулотлар, оилавий низоларни ҳал қилиш, ўзаро ҳурмат, фарзанд тарбияси, оилавий бюджетни юритиш ва зўравонликнинг олдини олиш каби мавзулар ўргатилиши зарур. Шунда бир томондан марказлар битирувчиларида амалий кўникмаларнинг шаклланиши ҳам синовдан ўтказилган бўлар эди.
Маҳалланинг яраштириши етарлими?
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг сўровимизга жавобан маълум қилишича, “Хотин-қизлар баланси” доирасида 28 та туман ва шаҳарда 2,3 миллион нафардан ортиқ хотин-қизнинг ижтимоий ҳолати ўрганилган. Уларнинг қанчаси ажрим ёқасида экани таҳлил қилинган. Қўмита маълумотига кўра, улар билан бугун индивидуал дастурлар асосида ишланмоқда. Бунда фақат аёлнинг эмас, балки оиланинг бошқа аъзолари муаммолари ҳам ҳисобга олинади.
Ayol.gov.uz платформасининг “Оила профили” модулига бу борадаги тегишли рақамлар киритилиб, таҳлил қилинмоқда. Қўмита, шунингдек, қанча оила яраштирилганини, қанча оиладаги низоларни бартараф этиш ишлари давом этаётганини маълум қилди. Келтирилган рақамлар, ўз навбатида, муаммо борасида муайян ишлар олиб борилаётганини кўрсатади.
Оилани сақлаб қолишми ёки зўравонликдан ҳимоя қилишми?
Агар оилада мунтазам калтаклаш, таҳдид, руҳий тазйиқ ёки иқтисодий қийинчилик мавжуд бўлса, яраштиришга уриниш жабрланувчи ва болалар учун янада оғир оқибатларга олиб келмайдими, деган савол туғилади.
Сабаби, биз ҳали ижтимоий тармоқларда шу каби ҳолатлардан жабрланганлар, зўравонликлар билан боғлиқ мисолларни унутганимиз йўқ. Бу ҳодисалар эса, ўз навбатида, тегишли идораларнинг ҳудудлардаги мазкур муаммоли оилалар ичига ўз вақтида кириб бормаганини ҳам ифода этади. Шу каби ҳолатлар оилани сақлаб қолиш ягона мақсад бўлмаслиги кераклигини англатади. Биринчи навбатда, жабрланувчи ва болаларнинг хавфсизлиги таъминланиши лозим.
Қўмита маълумотига кўра, бундай ҳолатларда биринчи навбатда зўравон шахсга нисбатан тузатиш дастурлари жорий этилади. Оилага психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Муаммо ҳал бўлмаса, оила суд ёки ФҲДЁ органларига йўналтирилади. Қолаверса, қонунчиликда оилавий-маиший зўравонликдан жабрланган шахс талаб қилса, суд ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланган.
Ажримдан кейин боланинг тақдири кимнинг зиммасида?
Маълумотларга кўра, қайд этилган ажримлар оқибатида болаларнинг кўпчилиги оналарининг қарамоғида қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, она ёки ота янги ҳаёт бошласа, боланинг тақдири нима бўлиши, у бошқа қариндошлар қарамоғида қолса, хавфсизлиги ва руҳий ҳолатини ким назорат қилиши борасидаги саволларни ҳам келтириб чиқаради.
Бу масалалар эса бола манфаатини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Яна бир оғриқли ҳолат бор. Баъзан ота-она боладан бир-биридан ўч олиш воситаси сифатида фойдаланади. Она болани отаси билан кўриштирмайди ёки ота бола орқали онасига руҳий босим ўтказишга уринади. Катталарнинг адовати эса шу тариқа боланинг қалбида битмас жароҳат қолдириши мумкин.
Масъул идоралар, албатта, бу борада ҳам қонунчиликка аниқ таклифлар киритиши мақсадга мувофиқдир.
– Криминологик тадқиқотлар ота-оналар ўртасидаги мунтазам низолар, оилавий беқарорлик, фарзанд тарбиясига етарлича эътибор қаратилмаслиги, назоратсизлик ҳамда меҳр-эътибор етишмаслиги болаларнинг ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини оширувчи муҳим омиллардан эканини кўрсатади, – дейди Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Криминология тадқиқот институти раҳбари, полковник Б.Бердиалиев. – Айниқса, ота ёки она иштирокисиз тарбияланаётган айрим болаларда ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги уларнинг салбий муҳит таъсирига тушиб қолиш эҳтимолини кучайтириши мумкин.
Демак, ажримларнинг олдини олиш фақат эр-хотинни яраштиришдан иборат бўлган жараён эмас. Оилавий муаммоларнинг илдизини аниқлаш, иқтисодий ва психологик ёрдам кўрсатиш, зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва ажримдан кейин ҳам боланинг ҳуқуқлари таъминланишига ҳам эҳтиёж сезилади.
Зеро, оилани сақлаб қолиш учун насиҳатнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, таъкидланганидек, бола катталарнинг хатоси ва адовати учун жабр кўрмаслиги керак.
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА,
ЎзА мухбири