Марказий Осиёнинг стратегик ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Стратегиялаш назарияси ва амалиёти» IX Халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида «Марказий Осиё стратег университариуми» нуфузли халқаро илмий сессияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University), М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МДУ) Москва иқтисодиёт мактаби ҳамда Мураккаб тизимларни математик тадқиқ этиш институти Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамкорлигида ташкил этилган илмий мулоқотда Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг етакчи стратег олимлари, давлат органлари раҳбарлари, экспертлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Мазкур анжуман доирасида «Марказий Осиё минтақасини стратегиялаш назарияси ва амалиёти» мавзусидаги ялпи мажлис ҳам бўлиб ўтди. ЎзМУ ректори, техника фанлари доктори, профессор Иномжон Маджидов модераторлик қилди.
Ялпи мажлисда асосий маъруза стратегия фанининг халқаро миқёсдаги етакчи намояндаси, профессор Владимир Львович Квинт томонидан тақдим этилди. Шунингдек, россиялик ва ўзбекистонлик олимлар стратегик ривожланиш масалалари юзасидан маърузалар қилди.
Тадбир доирасида стратегия фанига оид муҳим китоблар туркумлари ва ихтисослашган илмий журналлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
[gallery-32341]
Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида «Марказий Осиёда минтақавий стратегиялаш: амалий ташаббуслар» мавзусидаги шўъба йиғилишида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Профессор Сайидфозил Зокиров модераторлигида ўтган муҳокамаларда минтақавий интеграция, транспорт-логистика салоҳияти, ҳудудларни стратегик ривожлантириш, иқтисодий трансформация, сунъий интеллект ва инсон капитали масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, «Green University»да экологик хавфсизлик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик маданиятни ривожлантиришга бағишланган параллел шўъба йиғилишлари ташкил этилди.
Ҳамроз Баёнов,
Фарҳод Абдурасулов (cурат),
ЎзА