Газ тармоқлари, АЁҚШ ва электр тармоқларида назорат кучайтирилмоқда
“Ўзэнергоинспекция” томонидан республика ҳудудларида энергетика объектларини куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш, ёқилғи маҳсулотлари сифатини таъминлаш ҳамда энергия ресурсларидан қонуний фойдаланилишини назорат қилишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада ўтказилаётган ўрганишлар мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва қонунбузилишларнинг олдини олишга хизмат қиляпти.
Жумладан, Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Қўшминор” МФЙ ҳудудида газ тармоқлари ва газ тақсимлаш қурилмаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилди. Назорат давомида Д-219 мм ҳамда бошқа турли диаметрдаги газ қувурларини эстетик тартибга келтириш, қувурларга таянчлар ўрнатиш, уларни бўёқлаш, ҳудудни бегона ўтлардан тозалаш, шунингдек, газ тақсимлаш қутиларида профилактика ва ревизия ишларини амалга ошириш ҳолати кўрикдан ўтказилди. Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳудуддаги масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида ўтказилган назорат тадбирида “P. N. S.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида сотилаётган АИ-92 маркали автобензин лаборатория таҳлиллари натижасида давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Мазкур қоидабузарлик учун реализация қилинган нефть маҳсулоти қийматининг 50 фоизи миқдорида – 14,8 миллион сўм жарима қўлланилди. Шунингдек, АЁҚШда сақланаётган нефть маҳсулотлари сифатини қайта тиклаш бўйича кўрсатма берилди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, назорат тадбирлари доирасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши кураш ҳам кучайтирилмоқда.
Хусусан, Андижон шаҳрида Бош прокуратура штаби иштирокида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Жумладан, “M. B. X.” ЯТТга қарашли савдо дўконида тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, 376 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Шунингдек, фуқаро М. О.га қарашли нотурар бинода 164 миллион сўмлик, “B. U.” МЧЖга тегишли бинода эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 271 миллион сўмлик зарар келтирилгани қайд этилди.
Мазкур назорат тадбирлари энергетика инфратузилмасини куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, истеъмолчиларга сифатли ёқилғи маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА