Эл тинчлиги йўлидаги хизматлар эътирофи
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги ҳамда 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Чилонзор тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов, ҳокимлик мутасаддилари, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарияти, соҳа ходимлари ва фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Ҳ. Иноғомов ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, уларнинг жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, халқ осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлашда ички ишлар органлари ходимларининг масъулияти катта. Айниқса, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳа вакилларининг муҳим вазифаларидандир.
Байрам тадбирида ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ илғор ходимлар муносиб тақдирланди. Уларга Чилонзор тумани ҳокимининг «Ташаккурнома»лари ҳамда «Ватан» жамоат фондининг «Фидокорона меҳнати учун» эсдалик нишонлари топширилди. Эсдалик нишонларини фонд бўлим бошлиғи Ботир Содиқов тантанали равишда тақдим этди.
Тадбир давомида соҳа фахрийларига ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг кўп йиллик фидокорона меҳнати ва ёш ходимларга ибрат бўлаётган ҳаётий тажрибаси эътироф этилди.
[gallery-32232]
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури байрамга янада файз бағишлаб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА