“Гаров“ – ватанпарварликдан сўзловчи фильм
Бошимиз узра мусаффо осмон, тинч ва осуда, бехатар ва бехавотир кунларнинг қадрига етяпмизми? Юртимиз ёшлари-чи? Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи“да бўлиб ўтган “Гаров” бадиий фильмининг премьераси томошабинда ана шундай фикрларни уйғотиши табиий.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юртга садоқат, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш руҳида тарбиялашдек улуғ мақсадни ўз олдига қўйган ушбу кинокартина томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Премьера давомида залда бирорта бўш жойнинг қолмагани бадиий фильмга бўлган қизиқишнинг яна бир исботи бўлди.
Ушбу фильм Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура, “Biz media”, “Kamron Films” ижодий тузилмалари ва “Mенинг юртим” телеканали ҳамкорлигида суратга олинган.

Тадбир аввалида ташкил этилган ватанпарварлик фестивали ҳамда ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси санъат саройига чин маънода ҳақиқий ҳарбий муҳитни олиб кирди, десак муболаға бўлмайди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига оид кенгайтирилган йиғилишида муҳим масалалар қаторида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича таъсирчан миллий контентлар яратиш масаласига ҳам катта эътибор қаратилган эди.
Янги суратга олинган “Гаров” бадиий фильми ўзбек кинематографиясида янгича ёндашувларга асослангани билан аҳамиятлидир.
Фильмнинг дастлабки томошабинлари ҳам деярли Ватан ҳимоячиларидан иборат бўлди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишни оширишга доир ушбу фильмдаги Бунёд, Aрслон, Элбек ва Шоҳруҳ каби образлар бугунги кун ёшларини чин маънода юрт равнақи йўлида бирлашишга чорлагани билан муҳим аҳамият касб этади.

Фильм премьерасининг яна бир қувонарли жиҳати, санъаткор Отабек Aбдуалиев ижросидаги саундтрек ҳам томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.
– Ушбу фильм ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – деди Ўзбекистон Республикада хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов. – Биласизми, мен гарчи фильмда салбий ролни ижро этган бўлсам-да, унинг ижобий қаҳрамонларга таъсиридан, фильмнинг тугал ва тўкис чиқишидаги асосий ҳиссаси бениҳоя катта эканидан қувондим. Аслида ҳам салбий қаҳрамонлар ижобий қаҳрамонларга 80-90 фоиз ютуқ келтиради.
[gallery-22544]
Фильмда асосий ролларни Тоҳир Саидов, Бобур Йўлдошев, Мираваз Солиҳов, Камол Бобоназаров, Оловиддин Хўжамбердиев, Ғайрат Боймирзаев, Мирзоҳид Раҳимов, Лазиз Орзиев ва бошқа актёрлар ижро этган.
Ғоя муаллифи ва режиссёр – Иззат Қаландаров. Постановкачи режиссёр – Элмурод Йўлдошев. Сценарий муаллифлари – Низомиддин Мўминов, Жалолиддин Жўрабоев, Равшан Йўлдошев. Либослар бўйича рассом – Юлдузхон Қодирова. Бош продюсер – Қобулжон Аҳмедов.
Премьера аввалида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан киноижодкорларнинг ижро ва маҳорати эътироф этилиб, уларга вазирликнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА