“Иқтидор” танлови ғолиблари аниқланди
Навоий вилояти Кармана туманидаги Маданият уйида “Иқтидор” мактаб ансамбли республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида миллий чолғу санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг халқ чолғулари санъатига оид қизиқишларини янада ошириш мақсадида ўтказилиб келинмоқда.

Танловнинг туман ва шаҳарлар босқичида иштирок этиш учун вилоятдаги 367 та умумий ўрта таълим мактабларидан 890 та мактаб жамоаси онлайн рўйхатдан ўтиб, ўзаро беллашди. Ғолиб бўлган жамоалар эса вилоят босқичида ўз иқтидорини намойиш этди.
Якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Зарафшон шаҳридаги 4-мактабнинг “Аманат” жамоаси, 2-ўринни Навоий шаҳридаги 8-мактабнинг “Наво” жамоаси ва 3-ўринни Учқудуқ туманидаги 10-мактабнинг “Наво” жамоаси эгаллади.

Ғолиб ва совриндор ҳамда фаол жамоалар диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА