“Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил этилди (+видео)
Болаларга меҳр-эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Юртимизда уларга авлод давомчилари, келажагимиз ворислари сифатида қаралади ва уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ҳаттоки ногиронлиги бўлган болалар ҳам эътибордан четда эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб, мактаб-интернатларда қисқа муддатли таълим ва тарбия беришга мўлжалланган “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Навоий шаҳридаги 16-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ҳам алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган оғир даражадаги соғлиғида нуқсони бор болалар учун қисқа муддатли “Ғамхўрлик” гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

– Навоий шаҳрида “Ғамхўрлик” гуруҳининг очилганини эшитиб хурсанд бўлдим, – дейди Рухсора Рустамова. – Қизимни эрталаб олиб келиб қўйганимдан кейин барча ишларимни қилиб келишга қулай бўлди. Давлатимизга катта раҳмат. Энди хавотирланмайман. Бу ерда яратилган шароитлар жуда ҳам яхши. Танишиб чиқдим. Менга ёқди.

Шунингдек, Қизилтепа туманидаги 36-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам “Ғамхўрлик” гуруҳи ташкил этилди. Мазкур гуруҳга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ихтисослаштирилган махсус таълим муассасаларига қамраб олинмаган болажонлар қабул қилинди. Улар малакали мутахассислар томонидан парваришланиб, таълим-тарбияга жалб этилган ҳолда жамиятга мослашишига кўмаклашилмоқда.
Ушбу гуруҳларнинг ташкил этилиши биринчи навбатда ота-оналарга “ижтимоий ҳордиқ” имкониятини яратмоқда.

– Бугун бизнинг туманимизда ҳам “Ғамхўрлик” гуруҳи очилди, – дейди қизилтепалик Ойсулув Асадова. – Очилиш тадбирига келиб, бу ерда болажонларимиз учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдим. Тарбиячилари ва педагоглар жамоаси билан суҳбатлашдим. Шароитларидан кўнглим тўлди. Президентимизга раҳмат, ногирон болаларга ҳам эътибор қаратгани учун. Олдин туманимизда ҳам ногирон болаларга ҳам боғча очилишини ният қилиб ўтирар эдим. Энди фарзандимни ўқишга бериб, ўзим тикувчилик билан шуғулланмоқчиман.

Албатта, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, фақатгина инсон манфаатлари, инсон қадри учун хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир. Демакки, инсон манфаатлари мамлакатимизда олий қадрият сифатида эъзозланмоқда, улуғланмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3vA6grPgPjI?si=BkYa39Adnjl02IOa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари