Ғалла майдонининг 40 фоиздан зиёд қисмида маҳаллий навлар экилмоқда
АОКАда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, республикамизда 2025 йил ҳосили учун 1 миллион 134 минг 290 гектар майдонга кузги буғдой экилган. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 10 минг гектарга яқин арпа экилади. Ҳудудларда маҳаллий шароитда яратилган “Аср”, “Давр”, “Навбаҳор”, “Нодир”, “Қадр”, “Ўзбекистон-25”, “Юксалиш” “Истиқбол”, “Роҳат”, “Турон”, “Ишонч”, “Давон”, “Парвоз”, “Наврўз” “Мусаффо” навлари, хорижий навлардан эса “Алексевич”, “Альтонина”, “Васса”, “Тимирязвка-150”, “Гром”, “Гурт”, “Ваха”, “Собербаш”, “Ахмад Безостая -100” навлари экилмоқда.
Бугун республикада экилаётган жами ғалла майдонининг 40 фоиздан зиёд қисмида маҳаллий навлар экилмоқда.
Жорий йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинлари бугунги кунда мураккаб физиологик жараёнларни ўтамоқда. Бу йилги ноябрь ва декабрь ойларининг ҳар йилгидан ўзгарувчан бўлгани экилган бошоқли дон экинларини тиним даврига тўлиқ ўтмасдан ўсиши ва ривожланишини давом эттирди. Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, об-ҳавонинг қуруқ ва илиқ бўлиши ғалла майдонларидаги тупроқни 20-25 см. қатламида намлик етишмаслиги ҳолатларини юзага келтирмоқда.
Бу йилги шароитда бошоқли дон экинлари, пахта ҳосили ҳамда такрорий экинларни йиғиштириб олиш ишлари бироз кечикиши натижасида 2025 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида ниҳоллар кечки ҳамда ривожланишда орқада қолаётгани кузатилмоқда. Шу боис, аксарият вилоятларда 10-15 фоиз майдонлардаги ғалла кеч экилиши ва айрим сабабларга кўра ривожи орқада қолмоқда.
Бугунги кунда ривожи яхши ҳамда кеч экилган, айниқса сабзавот экинлари ўрнига экилган ниҳоллар тўла униб чиқмаган майдонларда об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб зарур агротехник чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Хусусан, шу кунларда берилган сув ғалланинг ниҳоллари жойлашган тупроқ қатламидаги ишқорли муҳитни ўзгартиради. Чучук (оқава) сув илдиз жойлашган тупроқдаги шўрни ювиши ҳисобига ғалланинг илдиз системаси жойлашган қатламда ривожланиши таъминланади ва туплаш жараёнини тезлаштириб, март ойининг ўрталарига 3-4 тадан туп ҳосил қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА