Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида йўловчи ташиш хизматларига бўлган талаб ошмоқда
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўмоннинг “Oman Ayir” авиакомпанияси бошқарув директори Носир Аҳмад Ал Шаржий билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, авиақатновлар кўламини кенгайтириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида йўловчи ташиш хизматларига бўлган талаб ортиб бораётганини қайд этиб, ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун салмоқли имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар.
Хусусан, жорий йилнинг 4 июлидан бошлаб “Oman Ayir” авиакомпанияси томонидан Масқат – Тошкент – Масқат йўналишида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда мавжуд йўналиш бўйича парвозлар сонини ошириш, янги авиа йўналишларни очиш, ҳаво транспорти орқали юк ташиш ҳажмини кенгайтириш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, дейилади Транспорт вазирлиги маълумотида.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳаво алоқаларини ривожлантириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги туризм ва транспорт алмашинувини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА