Ҳафталик дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлайди
Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2026 йил январь ойи ҳолатига Наманган вилоятида яшовчи 3 миллион 190 минг аҳолининг 11 фоизига яқинини турли миллат ва миллат вакилларига мансуб фуқаролар бўлиб, шундан 285 минг 408 нафарини тожиклар, 23 минг 638 нафарини қирғизлар, 10 минг 985 нафарини руслар ҳамда 10 минг 444 нафарини бошқа миллатларга мансуб ҳамюртларимиз ташкил этади.
Мамлакатимизда эълон қилинган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Наманган вилоятида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” эзгу ғояси остидаги маданий, маънавий-маърифий тадбирлари кўтаринки руҳда бошланди.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳафталикнинг мазмун-моҳияти, режалаштирилган тадбирлар ҳақида тўлақонли ахборот берилди. Миллий маданий марказлар мутасаддилари бу борада қаратилаётган шароитлар ва амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталишди.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь санаси ҳар йили жаҳон ҳамжамияти томонидан “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади.
Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида мазкур халқаро санага бағишлаб, ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги” ташкил этилмоқда.
– Ҳафталик давомида вилоятимиздаги барча умумтаълим мактаблари ва олий ўқув муассасаларида “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзуида иншолар танлови, “Менинг бағрикенг ўлкам” шиори остида шеъриятхонлик ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади, – деди Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича котибияти мудири Исфандиёр Улуғбоев. – Қўшни Марказий Осиё давлатлари билан чегара ҳудудлари саналган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи ва Учқўрғон туманларида “Биз – ягона халқмиз!”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар уюштирилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда истиқомат қилаётган ўндан ортиқ турли миллатлар ва дин вакиллари иштирокида дарахт кўчатларини экиш акциялари ўтказилади.

Ҳафта мобайнида Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмаси ҳавола қилинади.
Тўрақўрғон туманида жойлашган, уч минг йиллик тарихдан сўзловчи Ахсикент археология парки ёдгорлигидаги очиқ осмон музейида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик” мавзуида маънавий-маърифий тадбирамда турли миллатга мансуб ҳамюртларимиз иштирокида саёҳат ташкил қилинади.

“Афсоналар водийси боғи” тематик паркининг очиқ майдонида санъат усталари иштирокида бўлиб ўтадиган концерт дастурларида вилоят аҳли ва меҳмонлари билан бир қаторда вилоят Қирғиз, Тожик, Рус ва Корейс миллий маданий марказлари фаоллари бир эзгу ғоя атрофида жисплашади, яқиндан дўстлашади.
Қолаверса, турли миллат вакиллари, вилоятдаги миллий маданий марказлар фаоллари “Бир эл, бир Ватан, бир байроқ” шоири остида Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганлиги муносабати билан бўлиб ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этишлари кутилмоқда.
Ҳафталикнинг эътиборга молик тадбирларидан бири сифатида, мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳамлаш йўлидаги хайрли ишларда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони ва унга мос равишда пул мукофоти билан тақдирланишди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, шулар қаторида Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 24 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ҳам ягона ва аҳил оила бўлиб, фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда, – деди вилоят Қирғиз миллий маданий маркази раиси Нодира Мирзаолимова. – Президентимизнинг доно сиёсатида юртимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлаш алоҳида устуворлик касб этмоқда. “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар ҳам турли миллат вакилларини ўзаро аҳил, тотув ва фаровон умргузаронлик қилишга ундайди.
Дарҳақиқат, диллар ва тилларни, қалбларни бирлаштирувчи тадбирлар энг аввало, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири