Ғалаба шукуҳи, эҳтиром ва эътироф
Марказий ҳарбий округнинг Каттақўрғон умумқўшин дала-ўқув майдонида “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилган “Энг илғор артиллерия гуруҳи” кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллаган Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари тантанали кутиб олинди.
Жиззах шаҳрида ташкил этилган тантанали маросимда ғолиб ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги, касбий маҳорати ва жамоавий ҳамжиҳатлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда уларнинг оила аъзоларига ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Ватан ҳимоясига муносиб фарзандларни тарбиялаб вояга етказгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун бир гуруҳ ота-оналар “Ҳарбий хизматчининг ота-онаси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
— Бу ғалаба бир неча ойлик тинимсиз тайёргарлик, жамоавий ҳамжиҳатлик ва юксак жанговар маҳорат самарасидир, - дейди танлов ғолиби, катта лейтенант Абдужалил Тожимаматов. — Мусобақа давомида ҳар бир топшириқни аниқ ва тезкор бажариш, белгиланган нишонларни биринчи уринишдаёқ яксон қилиш асосий мезонлардан бўлди. Жамоамизнинг пухта тайёргарлиги ва аҳил ҳаракати туфайли шоҳсупанинг энг юқори поғонасини эгалладик. Бугунги тантанада ота-оналаримизга кўрсатилган эҳтиром эса бизга янада катта ғурур ва масъулият бағишлади. Бундан буён ҳам Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Тантанали кутиб олиш маросими вилоят маданият бошқармаси санъаткорлари ҳамда ҳарбий оркестр ижросидаги ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар билан давом этди.
[gallery-32053]
Мазкур тадбир ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳорати ва жанговар шайлигини рағбатлантириш, шахсий таркиб ўртасида ҳамжиҳатлик, Ватанга садоқат ва фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА