Футбол: Ўзбекистон терма жамоаси бугун Россияга қарши ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги йиғин доирасидаги илк учрашувини бугун, 12 ноябрь куни Тошкентда Россия терма жамоасига қарши ўтказади. «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтадиган баҳс соат 20:00 да бошланади.
Учрашувда футболчиларимиз тўлиқ оқ рангли либосда, дарвозабон эса сариқ либосда майдонга тушади. Мазкур баҳсни тожикистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Учрашув бош ҳаками этиб ФИФА ҳаками Гулмуроди Саъдулло тайинланган. Унга қанотларда Ҳасан Каримов ва Фарҳод Қуралов ёрдам беради. Захира ҳаками вазифасини ҳамюртимиз Ринат Серазитдинов бажаради.
Таъкидлаш жоиз, бош мураббий Фабио Каннаваро томонидан йиғин учун терма жамоага таклиф этилган Элдор Шомуродов ҳам жамоа ихтиёрига етиб келди. «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов эса жисмоний ҳолатини тиклаш жараёнини давом эттираётгани сабабли ушбу йиғинда иштирок этмаяпти.
Ўзаро учрашувлар статистикасига назар ташласак, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари бугунга қадар фақат бир марта майдонга тушган. 2022 йил 20 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтказилган ўртоқлик учрашувида ғолиб аниқланмаган — 0:0.

Таъкидлаш жоизки, терма жамоа йиғинига таклиф этилган Элдор Шомуродов ҳам жамоа ихтиёрига етиб келган. Бироқ «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов эса жисмоний ҳолатини тиклаш жараёнини давом эттириши муносабати билан ушбу йиғинда иштирок этмаяпти.
Дарвоқе, Фабио Каннаваро қўл остидаги футболчиларимиз ФИФА кунлари доирасидаги иккинчи ўйинини 17 ноябрь санасида Саудия Арабистони тремасига қарши ўтказади. Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги «Жассим бин Ҳамад» ўйингоҳида бўлиб ўтадиган тўқнашув Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА