"Дакар–2026": боксчи қизларимиз финал йўлланмасини қўлга киритди
Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида давом этаётган IV ёзги ёшлар Олимпия ўйинларининг қизлар ўртасидаги бокс мусобақасида Сабрина Чакоманова ҳамда Рушанабону Исоева ярим финал босқичидан муваффақиятли ўтди.
Жумладан, мусобақанинг -54 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сабрина Чакоманова қозоғистонлик Марал Толепбергенни 5:0 ҳисобида таслим этди ва сўнгги ҳал қилувчи финал босқичида колумбиялик Эвелин Трехос Саласга қарши рингга кўтариладиган бўлди.
Вазни -60 кг. бўлган Рушанабону Исоева эса мисрлик Менателла Иброҳим билан ярим финалда рақобатлашди. Вакилимизнинг тўлиқ устунлигида ўтган мазкур жанг 5:0 ҳисобида якунланди. Натижада Рушанабону Исоева Олимпия ўйинларининг олтин медали учун ўтадиган баҳсда словакиялик Каролина Колларова билан рақобатлашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Маълмуот учун, IV ёшлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 4 та кумуш ва 1 та бронза, жами 5 та медаль бор.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА