Фуқароларнинг ер ва мулк ҳуқуқлари эътироф этилмоқда
Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди ва кун тартибига киритилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров ахборот берди. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижроси 2028 йилнинг 1 январига қадар этиб белгиланган.
Ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича мазкур қонунда назарда тутилган асосларда ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Унга кўра, ҳозиргача 22 та туман-шаҳардаги филиалларнинг кадастр муҳандислари томонидан жами 181 минг 762 та кўчмас мулк объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилган.

Сессияда жойлардаги 2 минг 747 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойларига ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилгани тўғрисида қарор қабул қилинди. Хусусан, хатловлар натижасида ҳудудлар кесимида энг кўп Тошкент туманидан 493 та, Ангрен шаҳридан 402 та, Чиноз туманидан 191 та кўчмас мулк объектлари "Эътироф" тизимига киритилди.
Шунингдек, вилоятда жами 883 та маҳаллаларнинг 369 тасида хатлов ишлари якунлаган. Яна 97 та МФЙда хатлов ишлари олиб борилмоқда.

Сессияда депутатлар томонидан мазкур жараёнлар ҳақида фикр билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири