Фуқаролар мурожаатлари доимий эътиборда
Нурафшон шаҳрида жойлашган Президент Халқ қабулхонасида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг навбатдаги кенгайтирилган қабули бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, банк ҳамда молия муассасалари масъуллари иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита ва видео-конференс-алоқа орқали тинглади. Қарийб беш соатдан ортиқ давом этган очиқ мулоқот давомида 200 дан ортиқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, муаммоларни чуқур ўрганиш, қонуний ечим топиш ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Қабулга келган фуқаролар томонидан уй-жой, ер муносабатлари, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, коммунал хизматлар сифати, ичимлик суви, электр таъминоти, йўл инфратузилмаси, ижтимоий ҳимоя ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Таъкидлаш лозимки, ҳар бир мурожаат ортида бир инсоннинг ҳаёти, оиланинг ташвиши, тадбиркорнинг режаси ёки маҳалла тараққиёти билан боғлиқ муҳим масалалар мужассам. Шу боис қабул давомида масалаларни шунчаки кўриб чиқиш эмас, балки уларнинг туб моҳиятини англаш, муаммога сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва аниқ ечим ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.

Хусусан, Бекобод туманидан келган ёш оилавий тадбиркор Ҳилола Ботирова ҳам вилоят ҳокими билан учрашди. У аввалги қабулда билдирган мурожаатидан сўнг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантирганини, яратилган имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватловлар учун миннатдорлигини билдирди. Бу каби самимий учрашувлар фуқаролар мурожаатлари орасида нафақат муаммо ва таклифлар, балки миннатдорлик ва эътирофлар ҳам борлигини кўрсатади.

Фуқаролар Халқ қабулхонасининг янги биносида яратилган замонавий шароитлар билан ҳам танишди. Бу ерда аҳолига қулай хизмат кўрсатиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва уларни электрон тизимлар орқали кузатиб бориш учун барча имкониятлар яратилган. Айниқса, сунъий интеллект асосида ишловчи ҳуқуқий маслаҳат платформаси ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур тизим орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича тезкор маълумот ва тавсиялар олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса замонавий технологияларни давлат хизматлари тизимига кенг жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.

Шунингдек, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, барча туман ва шаҳар ҳокимларига Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси платформаси тақдимот қилинди. Мазкур замонавий ахборот тизимига сунъий интеллект технологиялари интеграция қилинган бўлиб, у фуқароларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш, уларни тегишли йўналиш ва масъулларга йўналтириш, шунингдек, ҳуқуқий масалалар юзасидан дастлабки тавсиялар бериш имконини яратади.

Платформа орқали мурожаатлар мазмуни автоматик таҳлил қилиниб, тегишли ташкилот ва мутахассисларга йўналтирилади. Бу эса мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш, назорат самарадорлигини ошириш ва фуқароларга янада қулай ҳамда тезкор хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.